Жамият | 15:12 / 31.08.2022
25375
12 дақиқада ўқилади

Гўдак руҳиятидаги чандиқлар. Болаларга нисбатан шафқатсизлик илдизи қаерда?

Сўнгги вақтларда оналарнинг ўз фарзандларини аёвсиз калтаклаши ва ҳатто унинг ўлимига сабабчи бўлиб қолиши ҳолатлари бот-бот маълум бўлиб турибди. Хўш, бунга сабаблар нима, ечим қаерда? Kun.uz шу каби саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилди.

Туғруқдан кейинги депрессия – инкор этиб бўлмас омил

Психолог Розалия Габдулҳакованинг таъкидлашича, аслида ота-оналар ўз фарзандини ўлдириб қўйиши бутун дунёда учрайди ва бола айнан она томонидан ўлдирилиши бўйича 20 та мамлакатнинг қонунларида алоҳида моддалар киритилган.

— ХХ аср бошларида кўплаб давлатлар онада туғруқдан кейин депрессия бўлишини тан олишганидан кейин, ҳатто 1 ёшгача бўлган фарзандини ўлдирганларга енгилроқ жазо қўллашни ҳам жорий этишган.

Жиноят билан боғлиқ ҳолатларда ишловчи психиатрларнинг таъкидлашича, ҳозирда ўзининг фарзандини ўлдираётган аёллар сони кўпаймаган, улар доим бўлиб келишган. Шунчаки, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда улар ҳақидаги хабарлар оммалашгани учун кўпроқ кўринишмоқда.

Бироқ ўз фарзандини ўлдирмаган бўлса-да, уларга жисмонан оғриқ бераётган, зулм кўрсатаётган аёлларнинг сони ҳам жуда кўп. Барча ёшдаги аёлларнинг ўзидан ожиз бўлганларга нисбатан вахшийликлар қилиб қўйишининг бир нечта сабаблари бор.

Биринчиси, албатта, аёлларнинг руҳий ҳолати. Аёллар табиатан эмоцияга берилувчан бўлгани ва туғруқдан кейин турли жараёнлар, гормонал ўзгаришлар бўлгани сабаб уларда депрессияга тушиш ҳолатлари кузатилади. Аслида, аёл қанчалик соғлом ва ақлли бўлмасин, фарзандли бўлганидан сўнг, унинг руҳий ҳолатида бирмунча ўзгаришлар кузатилиши табиий. Она руҳан носоғлом бўлиши, депрессияга берилиб, ҳаракатлари адекват бўлмай қолиши мумкин.

“Кўп нарсага биринчи бўлиб аёллар айбдор қилинади”

Руҳшуноснинг сўзларига кўра, айнан ўзбек жамиятига хос алоҳида омиллар ҳам бор.

— Масалан, оиладаги муҳит. Бизнинг хонадонларда онанинг оналикдан ташқари, келинлик вазифаси ҳам бор. Бунда уларга жудаям кўп жисмоний масъулиятлар юкланаверади. Аксар ҳолатда аёлларимизнинг дам олиши, ухлаб олиши учун ҳам имконияти бўлмайди.

Уй бекаларимизда тўғри овқатланиш, вақтида керакли нарсаларни ейиш, тушкунликка тушмаслик, ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлмаслиги учун ҳар кунги бир хил ишдан чалғиш имконияти ҳам бўлмайди. Айтайлик, бирор жойда ишлайдиган одам ҳафтада 5 кун ишласин, шанба ва якшанба кунлар дам олишга имконияти бўлади. Уйда ўтирадиган аёллар эса ойлаб, йиллаб бир жойда, бир хил ишни қилишига тўғри келади, шунинг оқибатида руҳий ҳолатлари барқарор бўлмай қолади.

Афсуски, жамиятимизда бунга қўшимча равишда аёлга босим бўладиган ҳолатлар йўқ эмас. Мисол учун, аёл уйда келинлик, оналик вазифалари билан банд бўлиб юрганида турмуш ўртоғи билан бўладиган муаммоларда ҳам кўпинча аёлларимиз айбланади. “Эринг хиёнат қилди, сен ўзинг айбдорсан, эринг пул топмаяпти, сен айбдорсан”, қабилида қўйиладиган талаблар жуда кўп. Дастлаб масъулиятини кўтара олмаган аёллар жамият босими остида янаям тушкунликка тушиб бораверади.

Шунингдек, уларнинг охирида портлаб, қаттиқ жиноят қилиб қўйишига “сабр қил” дея кўп таъкидлашлари ҳам сабаб бўлади. Чунки аёлларнинг аксарияти ўз ҳиссиётларини доим ҳам баён қилаверишмайди, баъзида ўзларини тушунишмайди ҳам. Аёл жамият, оила, ўзининг тарбияси сабаб чидаб келаверади ва бир кун тоқати тугаши ва бу ёмон натижага олиб келиши мумкин.

“Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ҳам бунда рол ўйнайди”

Розалия Габдулҳакова кўплаб маиший муаммоларнинг илдизи иқтисодий қийинчиликларга бориб тақалишини айтади.

— Яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтишим керак, яъни мамлакатимизнинг иқтисодий аҳволи туфайли оталар фарзандлари учун соғлом овқат, тагликларни сотиб олиш каби иқтисодий чиқимларни ҳар доим ҳам кўтаролмайди. Ёки қайнона бунга рухсат бермай, келинни “эконом” қилишга мажбур қилиши мумкин. Ваҳоланки, ўша таглик аёлнинг вазифаларини сал енгиллаштиради. Лекин иқтисодий қийинчилик сабабли бундай бўлмаса, масъулият ҳам ортиб бораверади.

Мана шундай кичик нарсаларни қоплаш учун етарли маблағ бўлиши ҳам аёлларнинг хотиржам, болаларнинг соғломроқ бўлишига, камроқ калтак ейишига сабаб бўлар эди.

“Афсуски, келажак авлодни ўз фикрини айтолмайдиган, стрессга ва тушкунликка тез тушиб қоладиган қилиб тарбиялаяпмиз”

Психологнинг айтишича, иштонини ҳўл қилиб қўйгани ва бошқа ҳолатлар учун асабий онасидан дашном этитиб катта бўлиш – бола руҳиятида чуқур из қолдиради.

— Аёлларимизнинг руҳий ҳолати барқарор бўлмаслиги жамиятимизни ботқоққа ботиради. Боиси, бу ерда гап фақат болаларнинг ўз оналари томонидан калтак еб, ўлдирилаётгани ҳақида кетмаяпти, бунда ҳар куни иштонини хўллаб, айтган овқатини емаган фарзандларнинг тақдири ҳам ётади. Тарбиялашни билмаган ёки ўзининг ҳиссиётларини бошқаролмаган оналар бу болаларни ураверади.

“Боласини уриб тарбиялайди-да” деб оқлашлари ҳам мумкин, лекин бу – бизнинг келажагимиз учун катта йўқотиш. Чунки калтак еб ўсган болаларнинг кўпчилиги ўзига ишончи паст, ўзидан ташаббус кам чиқадиган инсон бўлиб қолиши мумкин.

Афсуски, биз келажак авлодни ўз фикрини айтолмайдиган, стрессга ва тушкунликка тез тушиб қоладиган қилиб тарбиялаяпмиз. Агар бу борада нимадир қилмасак, жамиятимиз пастлаб бораверади, фарзандларимиз шижоатсиз, фақатгина қора меҳнат билан шуғулланувчи ишчиларга айланиб қолиш эҳтимоли юқори.

“Фарзандли бўлган аёлни яқинлари қўллаб-қувватлаши керак”

Габдулҳакова туғруқдан кейин аёлларга яқинлари кўмаклашиши кераклиги, аёллар эса ўзларининг руҳий ҳолатларига эътиборли бўлишлари зарурлигини таъкидлади.

— Одамлар нима дейди деб эмас, ҳозир мен нимани ҳис қиляпман, фарзандимга зулм қилиб қўймайманми, ҳозирги ҳаракатларим нимага олиб келади деб, ўзларини бошқаришлари керак бўлади.

Бундан ташқари, кичкина эмизикли фарзанди бор оналарга оила аъзолари ҳам ёрдам бериши, уларнинг вақтида дам олиши, ҳолатларини тушунган ҳолда юмушларини енгиллаштириб, қўллаб-қувватлашлари керак.

Ҳар бир оилада фарзанд туғилиши кризис даври ҳисобланади, шунинг учун ҳам оила аъзолар ўзига яраша масъулиятлари ҳам ўзгариб, қийналади. Лекин барибир энг кўп масъулият юкланган, жисмонан ва руҳан қийналган инсон она бўлади.

Аёллар болани тувакка ўтказишда, умуман, бола тарбиясида бошқа болаларга қиёслаб, фарзандида ҳали ривожланмаган қобилиятларни талаб қилмасликларини, бу жараёнда қайноналар келинларига босим ўтказмасликларини ҳам сўраган бўлардим.

“Жамиятда шундай муаммолар тез-тез бўляптими, демак бошқарувда тизимли камчиликлар бор”

Жамиятшунос Баҳром Парпиевнинг сўзларига кўра, жамиятда бу каби ҳолатларнинг тез-тез учраб туриши уларнинг истисно эмас, маълум ижтимоий сабаб-оқибат занжирлари эканини кўрсатади.

— Жамиятимиздаги айрим фуқаролар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ва бошқалар ҳаётига тажовуз қилишнинг учраб тургани ташвишли ҳодисадир. Айниқса, инсонийлик қиёфасини йўқотган баъзи кишиларнинг ўз ота-оналари ва бошқа яқинлари қотилига айланиши кишини ларзага солади. Албатта, бу муаммо бугун пайдо бўлгани йўқ. Тарихда ҳам мазкур ҳодисалар рўй берган. Собиқ тоталитар тузум даврида ҳам шундай машъум воқелар бўлган. Аммо у вақтда матбуот эркинлиги бўлмаган. Шу нуқтайи назардан бундай мудҳиш ҳодисалар фақат бугунги кунда бўляпти десак, ҳақиқатдан анча йироқ бўлади.

Уларни тизимли ва комплекс тарзда таҳлил этиш лозим. Хаёлимизга келган дастлабки фикрга таяниб, унинг фақат ягона сабабини кўрсатмаслик керак. Бугунги кунда жамоатчилик орасида давлат институти, унинг масъул хизматчиларини турли нохуш воқеаларни юзага чиқишда асосий айбдор сифатида кўрсатиш ҳолати учраб турибди. Бироқ бу юзаки ва илмийликдан йироқ бўлган ёндашувдир.

Лекин масала таҳлилига чуқурроқ ёндашсак, шундай вазиятга дуч келамиз: агарда жамият ҳаётида шундай муаммолар тез-тез ва мунтазам тарзда мавжуд бўлса, демак, ҳақиқатан бошқарув тизимида муайян камчиликлар бор деган хулосани чиқариш мумкин. Бундай шароитларда тизим мутасаддиларига нисбатан ҳақли эътирозларни қўйиш адолатдандир. Чунки бундай шароитларда жараённинг кечиши тасодиф эмас, балки қонуниятли мазмун касб этади.

Мазкур фикрни таниқли француз социологи Эмиль Дюркгейм томонидан олиб борилган тадқиқотларга таяниб, илгари суриш мумкин. Жумладан, у яшаган даврда, яъни XIX асрнинг иккинчи ярми охирларида, Францияда кишилар орасида ўз жонига қасд қилганлар сони кескин ошиб кетади. Расмий ҳокимият вакиллари бу ҳодисани кишиларининг психологик ҳолатидаги нуқсонлар билан оқлашга интилган бир шароитда, Эмиль Дюркгейм ўз олиб борган амалий тадқиқотлар натижасида мазкур хатти-ҳаракатни амалга оширган кишилар жамият ҳаётидаги жиддий ижтимоий муаммолар таъсирида содир қилганларини асослаб беради ва бунинг учун эса ўша даврдаги француз жамиятини асосли тарзда танқид қилади.

Демак, жамиятимизда учраётган ушбу иллатга фуқароларнинг оилада, ёшликда олган тарбиясида жиддий камчиликларга йўл қўйилгани ҳам сабаб бўлмоқда. Жумладан, ота-боболаримиз асрлар давомида эътиқод қилиб келган ислом дини қадриятларига таяниш мазкур тарбия жараёнидан узилиб қолган. Маълумки, ислом динида бировнинг жонига тажовуз қилмаслик, ўз жонига қасд қилмаслик қатъий тарзда буюрилган.

“Ўзининг ва ўзганинг жонига зўрлик қилиш гуноҳ эканини кенгроқ тарғиб қилиш керак”

Баҳром Парпиевнинг айтишича, аввало муаммо сабабларини аниқлаб олиш, шундан келиб чиққан ҳолда чоралар кўриш зарур.

— Албатта, ҳар қандай муаммо сабабларни ўз вақтида аниқлаш унинг ечимига мувофиқ келадиган механизмларни ишлаб чиқишга асос бўлади. Шу мақсадга эришиш учун мамлакатимизда социологик талқиқотларни ўтказишга алоқадор давлат ва нодавлат ташкилотлари юқорида кўрсатиб ўтилган муаммо бўйича мунтазам равишда жамоатчилик фикрини ўрганиб боришлари мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган “Ижтимоий иш” соҳаси мутахассислари маҳалла институти раҳбарлари ва фаоллари билан ҳамкорликда шундай хатта-ҳаракатни содир этишга мойил кишиларни аниқлаб, улар билан жиддий шуғулланишлари лозим.

Маълумки, мамлакатимиз бош қомусидаги тегишли моддага мувофиқ, дин давлатдан ажратилган, аммо динни жамият ҳаётидан ажратишнинг иложи йўқ ва бунга ҳожат ҳам йўқ. Шунинг учун таниқли диний уламолар ОАВда кишиларга зулм қилиш, улар жонига қасд қилиш, ўзини ўзи ўлдириш нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам ўзига улкан ва абадий зарар бўлишини Қуръон оятлари ва ҳадислардан келтириб, тушунтириб боришлари сермаҳсул натижалар беради.

“Зулмнинг ҳар қандай кўриниш ҳаром”

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ Тоштемировнинг таъкидлашича, жамиятда гоҳида учраб турган ёш болаларнинг ота-оналари томонидан аёвсиз калтакланиши Исломда ман қилинган, ҳаром ишлардан ҳисобланади.

— Бу ишни қилганлар қаттиқ гуноҳкор бўлиб, қиёматда бу гуноҳи учун жавобгар бўладилар. Чунки динимизда ўзгаларга зулм қилишнинг ҳар қандай тури ҳаром қилинган. Бизга ҳар соҳада ўрнак бўлган Пайғамбаримиз алайҳиссалом бирор кимсани, катта-ю кичик, на аёл-у, на болани урмаганлар. Буни Оиша онамиз ривоят қилганлар.

***

Юқоридаги фикрлардан хулоса қилиш мумкинки, зўравонлик, хусусан болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳам моддий, ҳам маънавий илдизлари бор. Ечим эса аввало иқтисодий ўсишнинг инклюзивлигини ошириш ва хотин-қизларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишнинг самарали механизмларига ўтишни тақозо қилади.

Шу билан бирга, муаммо кўлами ва илдизларини юзага чиқариш учун кенг кўламли социологик тадқиқотларга эҳтиёж бор.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид