Жаҳон | 07:54 / 01.09.2022
8903
2 дақиқада ўқилади

Германия Иқтисодиёт вазирлиги мансабдорлари Россия фойдасига жосусликда гумонланмоқда

Конституцияни ҳимоя қилиш идораси Иқтисодиёт вазирлигида Россия фойдасига жосуслик бўйича гумонларни ўрганмоқда. Икки юқори мартабали амалдор энергетика сиёсати борасида россияпараст қарашларга эга.

Фото: pexels.com

Германия федерал Иқтисодиёт вазирлигининг икки юқори мартабали ходими Россия фойдасига жосусликда гумон қилинмоқда, деб хабар берди Die Zeit 31 август, чоршанба куни. Бу мансабдор шахслар Германия ҳукуматининг энергетика сиёсатини шакллантиришга масъул бўлган бўлим таркибида ишлайди. Ушбу шубҳалар Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси (BfV) томонидан текширилмоқда.

Die Zeit нашрининг ёзишича, вазирликда икки ходимга нисбатан шубҳалар пайдо бўлгач, иш конституцияни ҳимоя қилиш идорасига топширилган. Улар газ-энергетика сиёсатига оид ҳужжатлар лойиҳасида аниқ россияпараст позицияни ифодалагани билан ажралиб турган. BfV иккала амалдорнинг таржимаи ҳолини ўрганиб чиқди ва баъзи «ўзига хосликларга» эътибор қаратди, деб ёзади газета Берлиндаги манбаларга таяниб. Хусусан, гап Россияда амалиёт ўташ ҳақида кетяпти.

Шунингдек, конституцияни ҳимоя қилиш идораси иккала амалдорнинг сафарларини ҳам ўрганиб чиқди ва уларнинг хизмат сафари экани ёки «йўлдан шубҳали оғишлар» бор-йўқлигини текширди, деб ёзади нашр. Уларнинг руслар билан шахсий муносабатлари, дўстона алоқалари ҳам ўрганилди. Die Zeit ёзишича, жосуслик ҳақида ҳеч қандай далил топилмаган, фақат ҳар икки амалдорнинг «Россияга ҳиссий яқинлиги» аниқланган. 

Иқтисодиёт вазирлиги ОАВ хабарларига изоҳ беришдан бош тортди. Бироқ, матбуот котибининг сўзларига кўра, вазирлик канцлер Олаф Шольц бошчилигидаги янги коалициянинг дастлабки кунлариданоқ BfV билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. «Биз BfV билан яқин ҳамкорликда хавфсизликка оид барча маълумотларни доимо кузатиб борамиз ва дарҳол барча зарур чораларни кўрамиз», деди у. Янги раҳбарият Иқтисодиёт вазирлигининг Россияга дўстона муносабатда бўлган собиқ сиёсатини «бутунлай ўзгартирди», деди бўлимнинг расмий вакили. 

Мавзуга оид