18:44 / 05.09.2022
4511

«Агролизинг» АЖ янги лойиҳаларни ишга туширишда умуман ишламаётгани танқид қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев раислигида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш масалалари юзасидан ўтказилаётган видеоселекторда «Агролизинг» акциядорлик жамияти умуман ишламаётгани танқид қилинди.

Йиғилишда қиш-баҳор ойларида бозорларда мева-сабзавотлар нархи барқарор бўлиши учун сақлаш ва ташиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш зарурлиги таъкидланди. Бу масалалар бўйича лойиҳалар бўлса, уларга барча шароитлар яратиб берилиши кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, бугунги кунда четдан қишлоқ хўжалигига жалб қилинган 140 миллион доллар узоқ муддатли маблағлар банкларда ҳалигача ўзлаштирилмаган. Яна 330 миллион доллар тайёр кредит линиялари йил бошидан бери ҳаракатсиз турибди.

«На банклар, на лизинг компаниялари раҳбарлари, на ҳокимлар бу маблағларни тадбиркорларга бериш бўйича жон куйдирмаяпти», — деди президент. Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда ушбу маблағларни ўзлаштириш бўйича ўзининг лойиҳаларини тақдим этиш топширилди.

Янги лойиҳаларни ишга туширишда «Агролизинг» акциядорлик жамияти умуман ишламаётгани танқид қилинди, унинг фаолиятини тўлиқ трансформация қилиб, деҳқон ва фермерларга молиявий кўмакчи бўладиган тизимга айлантириш топширилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига:

  • келгуси бир йилда ҳудудларда маҳсулотни сақлаш бўйича 200 минг тонна қувватларни ишга тушириш;
  • 100 миллион доллар ҳисобидан интенсив боғлар ва сабзавотчилик, сақлаш омборлари, қадоқлаш ва қайта ишлаш лойиҳаларини бошлаб, тадбиркорларга лизингга беришни йўлга қўйиш;
  • барча вилоятларда иссиқхона эгаларига енгилликлар бериш бўйича қарор лойиҳасини киритиш;
  • аграр соҳада молиялаштириш, кредит, лизинг ва суғурта тизимини тўлиқ янгилаш бўйича қарор лойиҳасини тақдимот қилиш топширилди.

Бугунги кунда республика бўйича ҳар йили 300 минг тонна картошка, 6 минг тонна дуккакли, 11 минг тонна мойли экинлар уруғини тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Бу борада картошка бўйича Самарқандда яхши тажриба бошланган. Мутасаддиларга бу тажрибани хусусий сектор билан бирга дуккакли ва мойли экинлар уруғчилигида ҳам йўлга қўйиш, бунга 26 миллион доллар йўналтириш топширилди.

Вилоят ҳокимлари олдига келгуси 2 йилда уруғ импортини 3 баравар қисқартириш вазифаси қўйилди. Ҳар бир вилоятда камида биттадан интенсив сабзавот кўчатчилик хўжаликларини ишга тушириш топширилди.

Бундан буён ҳосилдор ерларнинг барчасини интенсивга ўтказиш шартлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасадди идораларга интенсив қишлоқ хўжалигига ўтишни рағбатлантириш ва таъсирчан солиқ механизмларини қўллаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, киритишга топшириқ берилди.

Top