Жаҳон | 21:44 / 05.09.2022
40312
7 дақиқада ўқилади

Украинларнинг Херсон яқинида ҳужумга ўтиши: Воқеалар қандай ривожланмоқда?

Фронтдаги вазият ҳақида маълумот жуда кам, лекин қандайдир хулосаларга келиш мумкин.

Миколайив областидаги ҳарбий ҳаракатлар / Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix

Украинларнинг Миколайив ва Херсон областлари чегарасида 29 август куни бошланган юришлари бир неча кун ўтиб деярли тўхтаб қолди. Бу Украина қуролли кучлари амалиётининг якуни эмас, балки дастлабки ҳужумларда катта йўқотишлар берилгани ва россияликлар мудофааси ёриб ўтилмагани туфайли олинган оператив танаффус экани ҳақиқатга яқинроқ. Украина қўмондонлиги Херсон йўналишида муҳим устунликка эга, россияликлар буни йўққа чиқариши жуда қийин: РФ армиясида Днепр дарёси орқали уч кўприк ва бир қанча паром орқали ўтиш йўлларидан таъминотни йўлга қўйиш бўйича улкан муаммолар юзага келган, бу йўналишлар доимий равишда украинларнинг ракета зарбаларига учрамоқда.

Армиянинг илк йирик ҳужум амалиёти нега Украина учун катта йўқотишларга олиб келди?

  • Украина қўшини (катта эҳтимол билан, янги тузилган ва бунгача мамлакат ғарбидаги ҳудудларда таътилда бўлган бригадалардан иборат) 29 август куни Днепрнинг ўнг соҳилида Қора денгиздан Днепропетровск области чегарасига қадар бўлган бутун фронт чизиғи бўйлаб ҳужумга ўтди.
  • Сўнгги ҳафталарда бу йўналишда узоқ муддатли сукунат кузатилган, асосий ҳарбий ҳаракатлар узоқ масофага отувчи артиллерия зарбалари ва фронт ортидаги объектларга ракета зарбалари йўллаш шаклида кечганди. Фақат украинлар қарши ҳужуми бошланиши арафасида қўшимча кучлар етиб келиши туфайли россиялик ҳарбийлар Миколайив областидаги Блаҳодатное (собиқ Комсомольское) қишлоғига ҳужум уюштирган ва уни эгаллаган. Бу орқали россияликларнинг Ингулец дарёси бўйидаги муҳим плацдарми (маркази Снигиревка шаҳрида) кенгайди.
  • Истиқболда бу плацдармдан Россия қўшинлари Миколайивга ҳужум қилиши мумкин эди. Аммо украинлар кенг кўламли ҳужумга ўтиш орқали нафақат Ингулецдаги мазкур хавфли плацдармни йўқ қилишни, балки Россиянинг Днепрнинг ўнг соҳилидаги бутун гуруҳини тор-мор этишни мақсад қилган.

Ҳужум бир вақтнинг ўзида олтита йўналишда бошланди: 

  • Қора денгиз соҳилидаги Александровка ҳудудида; 
  • Посад-Покровск (Украина қуролли кучлари назоратида) ва Киселевка (РФ қуролли кучлари назоратида) ҳудудлари оралиғида;
  • Россиялик ҳарбийларнинг Ингулец дарёси бўйидаги плацдарми ва яқинда эгаллаб олинган Блаҳодатное қишлоғи ҳудудида;
  • Украин ҳарбийлари Ингулец дарёси орқали Андривка ва Лозове ҳудудида барпо этган ўтиш йўли орқали (Давидив Брид қишлоғидан жанубда);
  • Россия қўшинлари томонидан ушлаб турилган Високопиля ва Олгино ҳудудидаги тепаликларда;
  • Кривой Рог томондан Днепр дарёси соҳили бўйлаб.

Бу йўналишларнинг аксарида украин ҳарбийлари атиги бир неча километрга илгарилай олишди, Россия артиллерияси ва авиация зарбалари туфайли катта йўқотишларга учради (бу дронлар орқали ва қуруқликда олинган видеоларда акс этган). Шу билан бирга, Россия томони йўқотишлари ҳақида маълумотлар йўқ: Украина қўмондонлиги маълумотлар устидан қатъий назорат ўрнатган ва олдинги чизиқда олинган видеолар ва фронтдаги журналистларнинг ишларини эълон қилишни тақиқлаган. Катта эҳтимол билан бу, йўқотишлар балансини бузиб кўрсатади.

Шуниси аниқки: илк йирик юришни бошлаган Украина армияси эндиликда ўтган ойлар давомида украин позицияларига ҳужум қилиб келган ва артиллерия ҳамда зарбаларни йўналтириш вазифасини бажарган дронлар қурбонига айланган Россия ҳарбий қисмлари ҳолатига тушган.

Украина техникалари (камида 10 та танк, 10 дан ортиқ бошқа техникалар) ҳам пиёдалар (видеоларнинг катта қисми сифатсизлиги туфайли қурбонлар сонини ҳисоблаб бўлмайди) яксон этилгани акс этган ва эндиликда «империячи» телеграм-каналларда тарқалган видеолар Россия дронлари томонидан тасвирга олинган. Карпатортида 128-бригада жангчилари юриши вақтида ҳалок бўлганлар учун мотам эълон қилингани ҳам Украинанинг йўқотишлари катталигини кўрсатади.

Бундан ташқари, жанг майдонлари устида РФ ҳаво-космик кучлари қирувчилари ва бомбардимончи самолётлари пайдо бўлган (бу сўнгги ойлардаги жангларда кузатилмаган ҳолат) ва бу ҳам юриш қилаётганларнинг вазифасини қийинлаштирган.

Йўналишлардан фақат биттасида катта масофага ёриб ўтилган: Ингулецни Андреевка ва Лозове оралиғида кечиб ўтган украин қўшини 5-6 километр масофага илгарилаган (Россия томони хабарига кўра, бу ҳудуд мудофаасида бўлган «ДХР»да сафарбар қилинган кучлар ўз позицияларини тарк этган). Сухи Ставок қишлоғини эгаллаган украин кучлари 31 август куни Давидив Брид гарнизонини асосий кучлардан кесиб қўйишга уринди, аммо РФ ҳаво-десант қўшинлари захиралари етиб келиши билан бу уриниш тўхтатилди. Россияпараст телеграм-каналлар хабар беришича (ҳозирча бошқа маълумот манбайи йўқ), шундан кейин украинларнинг ҳужуми тўхтаб қолган.

Бу украинлар юриши барбод бўлганини англатадими?

Ҳозирча муваффақиятсизлик ҳақида айтишга эрта. Украина армияси Днепрнинг ўнг соҳилида жанг майдонидаги сезиларли ғалабаларсиз ҳам муваффақиятга (россияликлар гуруҳини таслим бўлишга мажбур қилиш орқали) эришиш имконига эга. Россия қўмондонлиги сўнгги ҳафталарда Днепр ортидаги 15–20 минг кишилик қўшинни таъминлашда қийналмоқда. Очиқ даштлардаги юзма-юз жанглар билан бир вақтда россияликларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа қисмлари (ракета зарбаларини қайтариш учун кўп ҳолларда беҳуда уринмоқда) ва муҳандислик бўлинмалари (кўприкларни тиклаш ва дарёдан кечувларни ташкил этишга ҳаракат қилмоқда) украинларнинг HIMARS тизимларига эга ракета кучларига қарши туришига тўғри келмоқда.

Бутун жанг натижаси дарёдан ўтиш йўллари учун кураш натижасига боғлиқ — бу кураш Миколайив ва Херсон оралиғидаги даштларда кечаётган жанглардан кўра аҳамиятлироқ. Украина қўмондонлиги душман келгусида Днепр ортидаги плацдармларни ушлаб туриш жуда қимматга тушиши туфайли навбатдаги «эзгу ният қадами» ташлаган ҳолда, қўшинларини олиб кетишга қарор қилишини кутмоқда.

Катта ишонч билан айтиш мумкинки, Россия қўмондонлиги плацдармни ушлаб туриш фойдасиз деб ҳисоблаши учун жуда катта сабаб талаб этилади: плацдармда Херсон жойлашган — бу Россия армияси томонидан урушнинг илк даврида, 2022 йил февралида эгаллаб олинган Украинанинг ягона област марказидир.

Бундан ташқари, плацдарм назарий жиҳатдан Россия армияси учун Миколайив ва Одессага юриш қилиш имкониятини қолдиради. Агар у бой берилса, РФ қуролли кучлари яна қачондир Днепрни кечиб ўтиши даргумон, бу шу вақтга қадар бир неча бор урушнинг асосий мақсадларидан бири сифатида айтилган Украина жануби-ғарбини эгаллаш имкониятини йўқотиш бўлади.

Мавзуга оид