«Персонал таҳдид ва босимсиз ишлаши керак» – АЭХА Запорижжя АЭС бўйича ҳисобот эълон қилди
Атом энергияси халқаро агентлиги Украинадаги руслар эгаллаб олган Запорижжя атом электростанциясида олиб борган 4 кунлик текширувлари хулосаси жамланган ҳисобот эълон қилди.
Унда айтилишича, АЭСдаги бир қатор бино таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Хусусан, ишлатилган ва ишлатилмаган ядро ёнилғиси сақланадиган бинолар ҳам.
Ҳисоботда АЭСнинг қуйидаги объектлари зарар кўргани айтилади:
- қувурларни мойлашга мўлжалланган цистерналар;
- бир нечта бино, хусусан, ишлатилган ёнилғини ташувчи машиналар сақланувчи гараж томи;
- янги ядро ёнилғиси ва қайта ишланган қаттиқ ёнилғи сақланадиган бино;
- ўқув комплексининг янги биноси;
- АЭСни жисмонан ҳимоя қилувчи авария тизимлари жойлашган бино;
- радиация даражасини мониторинг қилувчи контейнер.
Ҳисоботда айтилишича, ядро энергияси объектларида ҳарбий ҳаракатлар содир бўлиши илк марта кузатилаётган ҳолат. Шу сабаб ташкилот АЭС ҳудудида АЭХА ходимларининг доимий бўлиб туришини жуда муҳим деб ҳисоблаган. Ташкилот АЭСни муҳофаза қилиш учун хавфсизлик борасида конкрет режа тақдим эта олишини маълум қилган. Ҳисоботда айтилишича, АЭСга аллақачон ускуналар етказиб бериш бошланган.
АЭХА ҳисоботида келтирилган ушбу жумлалар Украина ОАВларида кескин танқидларга сабаб бўлмоқда: «Отишмалар муҳим объектлар вайрон бўлишига, оқибатда радиактив материаллар ҳавога тарқалишига олиб келиши мумкин. Авария ҳолатининг олдини олиш учун тезда ядро хавфсизлиги ҳудудини ташкил этиш керак».
Яъни ядро энергетикаси соҳасида бажариш мажбурий бўлган талаблар қўйишга ҳақли бўлган халқаро ташкилот бу қадар силлиқ ҳисобот бергани украиналиклар томонидан салбий кутиб олинган.
Ҳисоботда АЭС персонали босим ва таҳдид остида ишлаётганига ишора қилинган: «Ишчилар ўз вазифасини ҳеч қандай таҳдид ва босимсиз амалга ошириши керак. Аввало ўз хавфсизлиги, бундан ташқари АЭС хавфсизлиги учун», дейилади ҳисоботда.
Аввалроқ энергетика соҳасидаги украиналик мустақил тадқиқотчи Олга Кошарная АЭСдаги ишчилари босим остида ишлаб хато қилиши мумкинлигини айтганди: «Россия ҳарбийлари босимида «Росатом»дагилар билан бирга ишлашга мажбур бўлаётган АЭС ходимлари босим остида хато қилиши мумкин. Бу айниқса реакторларни бошқарадиган ходимлар учун жуда қийин. Улар атом энергетикамизнинг олтин фонди ҳисобланади. Бундай ходимлар махсус лицензияга эга ва улар ўн йиллардан буён АЭСда ишлаб келишади. Бу ходимлар ҳар сменадан аввал руҳшунос суҳбатидан ўтади, чунки уларнинг руҳий ҳолати яхши бўлиши керакки, фавқулодда ҳолатда ишлашларига тўғри келиб қолиши мумкин», дейди украиналик эксперт Кошарная.
Украина президенти Володимир Зеленский АЭХА миссиясини якунлаган вақтда ташкилот ҳаракатини танқид қилганди: «Бизнинг асосий талабимиз АЭС ҳудудини демилитаризация қилиш эди (яъни АЭС ҳудудидан ҳарбий техника ва қуролларни олиб чиқиб кетиш), аммо АЭХА бу борада ҳеч нима дегани йўқ. Шунингдек, ташкилот раҳбари жаноб Гросси билан учрашувда миссия текширувларида украиналик ва мустақил журналистлар киришини сўрагандик, аммо бундай бўлмади. Босқинчилар фақат ўз пропагандачиларини киритишди», деганди Зеленский.
Чиндан АЭХА ҳисоботида АЭС ҳудудида Россия ҳарбийлари бўлиб тургани, улар ҳудудни тарк этиши кераклиги, АЭС демилитаризация қилиниши кераклиги ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Фақат АЭС ҳудудида бўлиб турган ҳарбий техникалар олиб чиқилиши, улар бино хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши айтилган. Аммо бу техникалар кимга тегишли экани тилга олинмаган.
Маълумот учун, Запорижжя АЭС Европа қитъасидаги энг катта атом электростанцияси ҳисобланади. Объект айни дамда Россия босиб олган Энергодар шаҳрида жойлашган. Томонлар АЭСда тез-тез кузатилаётган зарбаларда бир-бирини айблаб келади.
Мавзуга оид
08:30 / 21.09.2024
Ўзбекистон ва АЭХА ўртасида ядро тиббиёти соҳасида битим имзоланди
22:33 / 20.09.2024
АЭХА Россияни Запорижжя АЭС ҳудудини зудлик билан тарк этишга чақирди
13:12 / 05.09.2024
АЭХА делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди
11:27 / 03.09.2024