09:04 / 07.09.2022
12978

Болтиқбўйи мамлакатлари: Германия Россиянинг шантажига берилмаслиги керак

Энергия ташувчилар нархининг ошиши ва газ тақчиллиги таҳдиди остида Латвия, Эстония ва Литва ҳукумат раҳбарлари немисларни Москвага ён бермасликка чақирди.

Кришянис Каринш / Фото: AP

Болтиқбўйи давлатлари Германияга мурожаат қилиб, энергия ташувчилар нархи ошиши ва келаётган қишда таҳдид солаётган газ тақчиллигига қарамай, Россияга ён бермасликка чақирди. «Шантажчига таслим бўлиш керак, деётганларнинг ўзи ўта хавфли», деди Латвия Бош вазири Кришянис Каринш Германиянинг Die Welt газетасига берган интервьюсида, ундан парчалар 7 сентябр, чоршанба куни кечқурун чоп этилди.

«Мамлакатимизда инфляция 25 фоизни ташкил этади. Бу уруш солиғи, - деди Эстония бош вазири Кая Каллас нашрга. - Биз уларни еврода тўлаяпмиз, украиналиклар - инсонлар ҳаёти билан тўлаяпти». У Германияни нархлар ошишига қарамай, Украина билан бирдамликда қолишга чақирди. 

Литва бош вазири Ингрида Шимоните, ўз навбатида, «Шимолий оқим-1» ёпилиши фонида «Шимолий оқим-2» газ қувурини ишга тушириш талабларини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, «Шимолий оқим-1»да ҳақиқий техник муаммолар мавжуд бўлса ҳам, Россия ўз газини қуруқлик орқали, масалан, «Ямал» газ қувури орқали жўнатиши мумкин. «Шимолий оқим-1»да техник муаммолар борлигига кимдир ҳақиқатан ҳам ишонадими?» - деб қўшимча қилди Литва бош вазири. 

Россиянинг «Газпром» компанияси 3 сентябр куни «Портовая» компрессор станциясида нефть сизиб чиқиб кетганини баҳона қилиб, «Шимолий оқим-1» орқали газ етказиб беришни қайта тиклашдан бош тортди. Бунга жавобан Германиянинг Siemens Energy AG компанияси «Шимолий оқим-1» газ қувури ишини тўхтатиш учун ҳеч қандай техник сабаблар йўқлигини маълум қилди. 

Top