Глобаллашган дунёда ривожланишнинг асосий омили техник ва технологик тараққиёт билан белгиланади. Шунингдек, илмий-технологиялар тармоғи, иқтисодиёт ва хавфсизлик ҳам бир неча асрлардан бери бир-бирига ўзаро таъсир кўрсатиб, синхрон тарзда ривожланиб келади. Бугунги кунда ижтимоий ва иқтисодий ҳаётга янги омил – сунъий ақл жадаллик билан кириб келди ва кундалик турмушимизда фаол иштирок этмоқда. Мисол учун, Google энг кўп изланган буйруқларни эслаб қолиш ва тавсия қилиш имконига эга. Шу каби улкан маълумотларни йиғаётган корпорациялар уларни қайта таҳлил қилиш орқали сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жараёнларга фаол аралашмоқда. Маълумотлар базаси устидан назорат ўрнатиш кўплаб ҳукуматларнинг асосий мақсадига айланиб улгурди.

Сунъий интеллект ўзи нима?

Сунъий интеллект деганда инсоннинг мантиқий ва ижодий функцияларини бажарувчи интеллектуал сунъий тизим тушунилади. Ушбу атама, шунингдек, ўрганиш ва муаммоларни ҳал қилиш каби инсон ақли билан боғлиқ хусусиятларни намойиш этадиган ҳар қандай технологияга нисбатан ҳам қўлланиши мумкин. Сунъий интеллектнинг идеал хусусияти – бу аниқ мақсадга эришиш учун энг яхши имкониятга эга бўлган ҳаракатларни баҳолай олиш ва амалга ошириш қобилиятидир.

АI дунёси деярли чексиздир, у ўсиб бораётган муҳандислик ва компьютер имкониятлари ҳисобига катта таъсир кўрсатиш қудратига эга бўлиб бормоқда. Турли тор функциялар, вазифалар ва фаолиятлар аллақачон инсон қобилияти ва ундан юқори даражада амалга оширилиши мумкин, баъзан эса инсонга бўлган эҳтиёжни камайтиради.

Тадқиқотларга кўра, кейинги ўн беш йил ичида АI технологиялари жамият ҳаётига бошқа ҳар қандай эришилиши мумкин бўлган ютуқлардан кўпроқ таъсир кўрсатади ва глобал инқилоб даражасидаги ўзгаришларни амалга оширади. Бу икки хил таъсир сегментлари орқали характерланган: биринчидан, АI технологияларининг компаниялар ва бандликка жиддий таъсири бўлади. Шу муносабат билан бир-бири билан чамбарчас боғланган компаниялар ва катта маълумотларга асосланган қарорлар қабул қиладиган ташкилотлар гуруҳлари пайдо бўлади, бу эса улар ўртасида глобал рақобатнинг кучайишига олиб келади. Иккинчидан, одамлар сунъий интеллект туфайли чексиз қўшимча имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин бўлади. 

Тобора қудратли кучга айланиб бораётган «дронлар»

Охирги йилларда халқаро муносабатлар тизимида юз берган баъзи бир ҳолатлар ҳам ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа тизимларининг бевосита ва билвосита АI технологияларига боғланиб бораётганлигини кўрсатади. Хусусан, 2021 йилда АҚШ қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши билан сиёсий мувозанатнинг ўзгариши фақатгина Афғонистонда содир бўлмади. Бу каби жараён Ироқда ҳам рўй берди. Бу халқаро тенденция сиёсий ва иқтисодий марказларнинг кўчиши билан ҳам изоҳланади. Янада эътиборлиси, бу ўзгаришлар фақатгина географик нуқтайи назардан эмас, балки технологик жиҳатдан ҳам содир бўлди. Дронларнинг кашф этилиши ва уларнинг бир қанча операцияларда муваффақиятли қўлланилиши АҚШ учун эндиликда кўплаб ҳудудларда йирик харажатларга сабаб бўлувчи базаларни сақлаб туришдан манфаат йўқлигини кўрсатди. Агар Афғонистон ёки Ироқда ҳарбий амалиёт зарур бўладиган бўлса, Вашингтон бу ишни Қатардан учирилган бошқарувсиз техникалар ёрдамида уддалаши мумкинлигига амин бўлди. З. Бжезинский «Буюк шахмат доскаси»да таъкидлаганидек, Москва ёки Пекин билан рақобатлашув учун ҳам замонавий дунёда Афғонистон ёки Ироқда қўшин сақлаб туриш Қўшма Штатлар учун ўз аҳамияти йўқотди. Бунга сабаб сифатида, бу рақобат майдони қуруқлик, денгиз ёки ҳаво бўшлиқларидан кибер бўшлиқ ёки космик кенгликларга кўчгани билан изоҳланади. Қуруқликда кўп сонли контингентларни ушлаб туриш ўз долзарблигини йўқотиши билан АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари қўшинларини босқичма-босқич эвакуация қила бошлади. Уруш ҳудудларида қуруқликдаги аскарларнинг сони камайтирилиши армиялар кўпроқ энг замонавий рақамли технологияларга, шу жумладан, сунъий интеллектга суянишини тақозо этади.