Жаҳон | 09:39 / 08.09.2022
29327
7 дақиқада ўқилади

Украина ташқи ишлар вазири Марказий Осиё давлатларига: “Россия сизларни заифлаштирмасин”

“Бугун ким Кремлнинг тажовузкор сиёсатига қандайдир “сабаб” топаётган бўлса, Россияни ўз уйига таклиф қилган бўлади”, деди Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба Марказий Осиё журналистлари учун ўтказган матбуот анжуманида. Унинг таъкидича, минтақа давлатлари ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш учун “аввало Россиядан қўрқувни бир четга суриб қўйиши керак”.

7 сентябр куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Марказий Осиё давлатлари журналистлари билан видеоалоқа орқали матбуот анжумани ўтказди. Учрашувда Ўзбекистондан Kun.uz, Gazeta.uz, ​​Repost.uz ва Yep.uz нашрлари вакиллари иштирок этди.

Дмитрий Кулеба Украина Марказий Осиё давлатлари билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга доимо тайёрлигини таъкидлади.

“Бундан олдин мен фақат Қозоғистонда, шахсий ташриф билан бўлганман. Мен доим Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистонга боришни, маданиятингиздан, ошхонангиздан баҳраманд бўлишни, алоқаларга янги ижобий динамика беришга ҳаракат қилишни орзу қилардим. Аммо кейин уруш бошланди”, – дейди у.

“Урушдан кейин биз буларнинг барчасини амалга оширишга, алоқаларни аввалги даражага қайтаришга, одамлар ўртасидаги алоқани, талабалар алмашинувини, инфратузилма лойиҳаларини ва савдо-сотиқни тиклай олишимизга чин дилдан умид қиламан. Яъни нормал давлатлар тинчлик даврида бир-бирига ёрдам бериш, ўзаро ҳурмат ва миллий манфаатлар тамойиллари асосида биргаликда ривожланиш учун қиладиган барча ишни қилади”, – деди Дмитрий Кулеба.

“Миллий манфаатларингизни ҳимоя қилиш учун биринчи навбатда Россиядан қўрқувни четга суриб қўйиш керак”, деди Украина ташқи ишлар вазири матбуот анжумани давомида.

Қуйида Дмитрий Кулебадан иқтибослар келтириб ўтамиз:

“Украинага ҳужум қилиб, Россия оғир жиноятга қўл урди. Бу урушда рус қуролларидан ҳалок бўлган 382 нафар боланинг ўлдирилишини ҳеч нарса оқлай олмайди; ўйлайманки, сизлар ҳам шу фикрга қўшиласиз. 24-февралдан бери қанчадан қанча боламиздан айрилиб қолдик. Бунга қўшимча Россия 1000 нафар украиналик янги туғилган чақалоқларни ўз ҳудудига олиб кетиб қолди. Улар рус оилалари орасида мажбурий равишда тақсимланади”.

“Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари аллақачон босқин пайтида рус аскарлари томонидан содир этилган жиноятларнинг 32 мингдан ортиқ ҳолатини қайд этган. Ва бу рақамлар, афсуски, ўсишда давом этмоқда”.

“Яширмайман, ҳозир Украина учун жуда қийин. Aммо асосийси шундаки, биз биринчи ва энг даҳшатли зарбага дош бердик, бу зарбадан барча ҳисоб-китобларга кўра, Украина ҳалок бўлиши керак эди. Aммо Украина қуламади.

Нега? Чунки бутун украин халқи рус босқинчиларига қарши курашга кўтарилди. Тарихда ҳеч ким халққа қарши урушда ғалаба қозонмаган. Украиналиклар рус танкларидан қочиш ўрнига, ҳарбий хизмат учун ҳарбий комиссия пунктларида навбатга турдилар. Кенг кўламли уруш бошланганидан буён армиямиз беш баробардан кўпроқ ўсди.

Биз аллақачон мамлакат шимолидан босқинчиларни қувиб чиқаришга муваффақ бўлдик. Уларни ўз юртимиздан бошқа йўналишларда, биринчи навбатда жануб ва шарқда қувиб чиқаришда давом этяпмиз. Бу осон бўлмаётганини ҳамма кўриб турибди. Ҳар бир қадам катта қийинчилик билан берилади, лекин биз бу йўлдан ўтамиз”.

“Шуни таъкидлашни истардимки, Украина ҳеч қачон урушни хоҳламаган. Биз Россия телевидениесида нима деса ҳам, ҳеч кимга ҳужум қилишни режалаштирмаганмиз. Нега биз кимгадир ҳужум қилишимиз керак? Бизга бегона ер ёки чет эл ресурслари керак эмас. Бизда ҳамма нарса бор. Ва биз ҳеч қачон ва яна ҳеч қачон ўз ерларимизни босқинчиларга бермаймиз ва Россия армияси Украина тупроғида содир этган қотилликларни, зўравонликларни, талон-торожларни, қийноқларни ва бошқа даҳшатли жиноятларни ҳеч қачон кечирмаймиз”.

“Мен сизни рус манбаларидан олинган маълумотларга танқидий муносабатда бўлишга чақираман. Бугунги кунда Россия жиноятлар учун жавобгарликдан халос бўлиш мақсадида ўз операцияларини яшириш учун пропагандадан фойдаланяпти. Aммо бугун ким Кремлнинг тажовузкор сиёсатига кўз юмган ёки бунга қандайдир “сабаб” топаётган бўлса, Россияни ўз уйига “таклиф” қилган бўлади. Ишончим комилки, барча синовларга қарамай, Украина бардош беради ва ғалаба қозонади”.

“Нега президент Путин Марказий Осиёга келиб қўл бериб кўришмоқда? Чунки, шубҳасиз, сизнинг раҳбарларингиз, ҳукуматингиз Россия дўст эмаслигини – таҳдид эканини ва у билан имкон қадар эҳтиёткор бўлиш кераклигини тушунади”.

“Мен у ёки бу давлатга Россия билан муносабатларни қандай йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар беришга маънан ҳаққим йўқ. Aммо мен мутлақо хотиржамлик билан, тўлиқ маънавий ҳақ билан айтишим мумкинки, миллий манфаатларингизни ҳимоя қилиш учун биринчи навбатда Россия қўрқувини бир четга суриб қўйиш керак. Биз бу йўлдан ўтдик. Бу жуда оғриқли. Лекин буни ҳаммамиз тушунишимиз керак”.

“Умид қиламанки, сиз ҳам буни тушунасиз, Россияда сизнинг давлатингизни йўқ қилиш учун биринчи имконият пайдо бўлиши биланоқ, у бизнинг давлатимизни йўқ қилишга уринганидек, бундан фойдаланади. Улар сизни сунъий давлатлар деб билади. Путин Украина ҳақида нима деяётган бўлса, эртага бу гапини Қозоғистон ҳақида гапира бошлаши мумкин”.

“Юртларингиз минг йиллик маданиятга эга. Москва ҳали ўтиб бўлмайдиган ўрмон бўлган пайтда, илм-фан, фалсафа марказлари бўлган. Аммо Москва учун бунинг аҳамияти йўқ. Шундай экан, Россия сизни заифлаштирмасин, Россия сиздан фойдаланишига йўл қўйманг”.

“Биз Россия Федерациясининг давлатлар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари орқали санкцияларни четлаб ўтиш механизмларини ўрнатишга бўлган барча уринишларини яхши биламиз”.

“Жиноятлари учун Россияга жорий қилинган санкциялар босими янада кучаяди. Ҳозир биз нафақат янги санкцияларнинг қўлланишига, балки санкцияларни четлаб ўтиш устидан назоратни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Қаранг: ҳатто нуфузли Хитой компаниялари ҳам Россия билан ишламаяпти, чунки улар санкциялар остида қолишлари ва кўпроқ йўқотишлари мумкинлигини тушунишади.

Бу борада сиз жуда эҳтиёт бўлишингиз ва қандай фойда келтиришидан қатъи назар, Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бериш бундай ҳаракатларга жавобан кўриладиган чоралардан келадиган йўқотишлар анча юқори бўлишини тушунишингиз керак. Мен ҳозир Марказий Осиёдаги ҳеч қайси давлат Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беряпти, деб айтмаяпман... Фақат сиздан фойдаланишларига йўл қўйманг”.

Мавзуга оид