18:04 / 09.09.2022
7333

Иқтисодчи Ботир Қобилов: “Ташаббусли бюджет” парламент бажариши керак бўлган ишни қилмоқда

Иқтисодчи Ботир Қобилов ўз Телеграм-каналида нима учун “Ташаббусли бюджет” Ўзбекистонда охирги йилларда содир бўлган энг зўр жараёнлардан бири эканини изоҳлади.

Фото: Kun.uz

Унинг фикрича, эркинлик ва ривожланишнинг гарови қуйидаги саволларни бера олишда ва унга жавоб излашда ётади: Солиқларим қаерга, нега, нима учун кетяпти, унинг назорати, ижроси қандай бўляпти?

“Бу саволлар барчамизни ўйлантириши керак, уни беришимиз керак, жавоб излашимиз керак. Энг муҳими, солиқлар тақсимлаш жараёнида фаол иштирок этиш керак. Агар шу саволлар бизни қизиқтирмаса, нега ривожланмаяпмиз каби саволни бериш ортиқча. Яқинда мустақилликни нишонладик, бир қанча мамлакатлар айнан шу оддий саволлар деб мустақилликни, эркинликни қўлга киритганлар”, деб ёзади у.

Иқтисодчининг таъкидлашича, “Ташаббусли бюджет” орқали инсонлар ўз солиқларини ўзлари муҳим деб билган, керакли бўлган манзилларга сарфлаш учун овоз йиғмоқдалар, қизиқмоқдалар.

“Қаранг, ўтган йилги лойиҳанинг маълумотларига кўра, ташаббусларнинг аксарияти мактабни таъмирлаш, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви тизимини яхшилаш бўйича экан. Яъни инсонлар фестивал қилиш учун, маҳаллада янги бизнес марказ қуриш, бир тонна ош қилиш учун, давлатдан қандайдир контракт ёки имтиёз олиш учун эмас, балки ҳаёт учун муҳим бўлган оддий манзилларга пул тақсимотида қатнашяптилар. Бу жуда зўр”, дейди у.

Учинчидан, дея фикрида давом этади Ботир Қобилов, “Openbudget атрофида мен кузатаётган фикрларнинг аксарияти ташаббусларга қандай овоз йиғилаётгани ҳақида экан. Яъни қандайдир лойиҳага овоз тўплаш учун инсонлар овоз берганларга ичимлик суви, пул ва бошқа моддий товарларни бериб рағбатлантиряптилар. Ёки ижтимоий тармоқларда, шахсий суҳбатларда “мана бу лойиҳага илтимос овоз беринг” деган хабарларни кўряпман. Қайтараман, улар дискотека қилгани ёки шашлик ейиш учун эмас, маҳалласига асфальт қилиш, мактабини ремонт қилиш учун овоз йиғишмоқда. Овоз учун Coca-Cola берса ҳам, худди Инстаграмда бўладиган конкурслар каби илтимос мана бу ерга овоз бериб юборинг, деса ҳам иккала ҳолда мен булар бўлаётгани учун хурсандман. Инсонлар ўз солиқлари тақсимоти учун турли йўллар билан курашмоқдалар, бошқа маҳалла, туман билан рақобат қилмоқдалар”, дейди у.

Иқтисодчи мазкур лойиҳада муаммолар кўплигини, лекин у такомиллашиб, логистик муаммолари тўғриланишига ишонч билдирган. У овоз бериш воситаси бўйича унчалик хавотирда эмаслигини, ҳар қандай сайловларда овоз берувчининг овозини олиш учун қандайдир маънавий рағбат, ваъда ёки моддий нарса берилишини қайд этган. Унинг фикрича, энг муҳими, бунинг қонуний тарзда бўлиши. 

“Ушбу лойиҳа барчамизга парламентнинг ўрни инсон кундалик ҳаёти учун нақадар муҳимлигини эслатмоқда. Аслида Openbudget парламент қилиши керак бўлган нарсани қиляпти. Бюджет, солиқ тўловчиларнинг пуллари тақсимоти аслида унинг асосий майдонида, парламентда халқ вакиллари орқали бўлиши керак эди. Openbudget атрофидаги ҳозирги фаоллик бизга шу жараён кейинги босқичда чинакамига парламентга кўчишига, туман, ҳудудлардан сайлаган депутатлар ўз овоз берувчиларига нима керак эканлигини бошқа депутатлар олдида баҳслашиб келишишларига ва ниҳоят парламент деган давлат институти тўлиқ ташкил топишига менда умид бор”, деб ёзади у.

Ботир Қобилов Openbudget одамларни бирлаштиряпти деган фикрда.

“Ижтимоий тармоқларда Openbudget орқали қишлоғимиз ниҳоят бирлашди, бирдамлик пайдо бўлди деган хабарларни кўряпмиз. Нафақат ўз ҳудуди, балки бошқа шаҳар, вилоятдагилар ҳам бефарқ бўлмаяптилар. Масалан, Миробод туманида муаммоси нисбатан камроқ бўлган фуқаро Мўйноқдаги лойиҳага овоз бериши ҳам бирдамликнинг бир белгиси”, дея таъкидлаган у.

“Демократик ва фуқаролик жамияти мана шу орқали пайдо бўляпти деб ўйлайман. Инсонларда бу бизнинг пулимиз, давлатники эмас деган тушунчалар кўпаймоқда. Энг муҳими, умумий қабул қилинган нарративга қарши ўлароқ инсонлар овоз бермоқдалар, жараёнда қатнашмоқдалар. Инсонлар овоз беришга, сайлашга тайёр (ҳар доим шундай бўлган ўзи)”, дея фикрини якунлаган Ботир Қобилов.

Эслатиб ўтамиз, 24 августдан “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2-мавсуми доирасида овоз бериш жараёни бошланди. Мавсум доирасида фуқаролар томонидан илгари суриладиган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида республика бўйлаб қарийб 1 триллион 62 млрд сўм маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилган. Овоз бериш жараёни 5 кунга узайтирилган ҳолда 17 сентябр соат 23:59 га қадар давом этади.

Top