Жаҳон | 10:54 / 11.09.2022
25301
5 дақиқада ўқилади

КХДР ўзини ядровий барқудрат давлат деб эълон қилди. Ядро қуроли қандай ҳолатда ишлатилиши қонунда белгиланди

KCNA / EPA / Scanpix / LETA

Шимолий Кореяда мамлакатни ядровий давлат деб эълон қилувчи қонун қабул қилинди. Бу ҳақда КХДР давлат ахборот тарқатувчиси бўлмиш Марказий телеграф агентлиги маълум қилди.

Мамлакат етакчиси Ким Чен Ин буни ортга қайтиб бўлмайдиган қарор деб атади ва мамлакатни ядро ҳудудидан холи давлатга айлантириш бўйича ҳар қандай таклиф кўриб чиқилмаслигини айтди.

Янги қабул қилинган қонунда кўра, Шимолий Корея ўз муҳофазаси учун ядро қуролини ишлатиш мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Кескин санкцияларга қарамай Пхенян 2006 йилдан 2017 йилгача олти марта ядро синовини ўтказди. БМТ Хавфсизлик кенгаши талабини бузган ҳолда Шимолий Корея ўз ҳарбий қудратини оширишда давом этиб, қўшниларига таҳдид қилмоқда. КХДРнинг ракеталари ҳатто АҚШнинг материк қисмигача етиб бориши мумкин.

2019 йил АҚШ президенти шимолликлар етакчиси Ким Чен Ин билан музокара ўтказганига қарамай, Пхенян ядро қуроли синовини ўтказишда давом этди. АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатлар ҳам боши берк кўчага кириб қолган. Ваҳоланки Байден администрацияси Пхенян билан музокарага тайёрлигини билдирган. Аммо Байден Шимолий Корея етакчиси билан учрашишга рози бўлиши ёки йўқлиги аниқ эмас.

АҚШда Шимолий Корея билан муносабатларни қайта бошлаш учун «яхши баҳона» топиб, Пхенянга коронавиусга қарши кураш борасида ҳамкорлик доирасида ёрдам беришни таклиф қилишди. Аммо ҳамон бу борада жавоб бўлгани йўқ.

Байден келганидан кейин Вашингтон Шимолий Кореяга нисбатан сиёсатини ўзгартириши маълум бўлган, асосий мақсад Корея яриморолини тўлиқ ядродан холи ҳудудга айлантириш экани айтилганди. Байден бу борада мақсадига эришишига шубҳа қилмаяпти. У натижага дипломатия ва кескин тийиб туриш эвазига эришишни кўзламоқда. Ким Чен Ин эса АҚШ етакчисига жавоб берар экан, унинг давлати мулоқот билан бирга тўқнашувга ҳам тайёр туриши кераклигини айтганди.

2022 йил Шимолий Кореядаги вазият яна кескинлашди. Пхенян бу йил рекорд миқдорда ракета синовларини амалга оширди. АҚШ эса яриморолдаги иттифоқчиси Жанубий Корея билан бу синов парвозларига охирги йиллардаги энг йирик қўшма машғулот билан жавоб берди.

Қонунда Шимолий Корея қуйидаги ҳолатларда ядро қуроли ишлатиши белгилаб қўйилган:

  • Шимолия Кореяга қарши ядро ёки бошқа турдаги оммавий қирғин қуроли қўлланса. КХДР бундай ҳужумни аниқ содир бўладиган хавф деб ҳисоблайди;
  • мамлакат раҳбарияти ёки ядро кучлари қўмондонлиги раҳбариятига ҳужум қилинса;
  • мамлакатдаги муҳим стратегик объектларга ҳужум қилинган тақдирда;
  • уруш кенгайиб ва чўзилиб кетишининг олдини олиш, урушдаги ташаббусни қўлга олиш мақсадида;
  • мамлакат мавжудлиги ва КХДР аҳолиси тақдирига таъсир қилувчи бошқа фавқулодда ҳолатлар содир бўлганда.

Қонунда ядро қуроли қачон автоматик тарзда ишга туширилиши ҳам белгилаб қўйилган. Яъни ядро қуроли кучлари қўмондонлигига ҳужум қилинган вақтда ядро қуроли олдиндан белгилаб қўйилган режа бўйича автоматик тарзда ишга туширилиб, «провокация ўчоғи ва қўмондонлик пункти йўқ қилиниши» айтилган.

Қонунда келтирилишича, Шимолий Корея бошқа мамлакат ҳудудига ядро қуроли жойлаштирмайди ва КХДРга қарши тажовуз қилинмаса, ядросиз давлатларга қарши ядро қуроли қўлланмайди. Қонун эълон қилинган тантанали чиқишида Ким Чен Ин мамлакат ядро қуролидан ҳеч қачон воз кечмаслигини айтган.

Уларнинг қачондан буён ядро қуроли бор?

Очиқ маълумотларга кўра, Шимолий Корея ядро дастури 1950-йилларда ишлаб чиқилган. 2005 йил мамлакат ўз арсеналида ядро қуроли борлигини маълум қилган, 2012 йил эса мамлакат конституциясида Шимолий Корея ядро державаси экани мустаҳкамлаб қўйилган. Reuters'га кўра, Шимолий Кореяда 2013 йил мамлакат ядро сиёсати бўйича илк қонун қабул қилинган. Унда Шимолий Корея ўзига ҳужум қилган бошқа ядро давлатларига қарши ядро қуроли билан жавоб беришга ҳақли экани айтилган.

Шимолий Корея ҳақидаги NKnews инглизча сайти асосчиси Чад О'Кэрроллнинг айтишича, ядро қуроли қачон қўлланиши борасидаги бандлар тушунарсиз ва ҳар қанақасига талқин қилиниши мумкин.

«Демак, қонунда айтилишича, бош қўмондонлик, яъни Ким Чен Ин қайсидир ҳолатни мамлакат учун хавф деб топса, ядро қуроли автоматик тарзда ишга тушиши керак. Лекин бу қандай ҳолат? Масалан, Ким Чен Ин АҚШ ёки Жанубий Корея томонидан ўзи фойдаланадиган алоқа тизимига амалга оширилган ҳакерлик ҳужумини мамлакат учун хатарли ҳолат деб топса, ядро қуроли ишга тушириладими?» дея савол қўйган журналист.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид