Елизавета II билан ҳамкорлик қилиш имконига эга бўлган барча бош вазирлар унинг конституция томонидан қўйилган чекловларни бузмаган ҳолда мамлакат бошқарувига муҳим ҳисса қўшганини айтишади.

Британия конституциясига кўра (у асосан парламент томонидан қабул қилинган актлар ва қонунлар мажмуасидан иборат, лекин битта китоб шаклида эмас), монарх ҳукуматнинг барча қарорларидан хабардор қилиниши шарт. Шунингдек, у ҳукуматга маслаҳат бериш ва уни шошилинч қадамлардан огоҳ қилиш ҳуқуқига эга.

Елизавета II ўз ҳукмронлиги даврида Вазирлар маҳкамаси қилаётган барча ишлардан хабардор қилиб турилишини талаб этган, шунингдек, бош вазир билан мунтазам ва шахсий суҳбатларда ўз фикрини билдиришдан тортинмаган.

Сэр Уинстон Черчилл ва қиролича Елизавета ўртасида катта ёш фарқи бўлишига қарамай, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган қалин муносабат ўрнатилганди. Фото: Getty Images

Ёш қиролича ҳукмронлигининг дастлабки йиллари омадли келди ва 1951 йилги сайловлардан кейин Даунинг-стритга бош вазир сифатида яна қайтган Уинстон Черчилл каби сиёсий гигант қаноти остида ўтди.

Бир куни у малика Елизавета ёш қизча бўлишига қарамай, ўзини ишончли ва сипо тутганидан ҳайратда қолган эди.

Ёш орасида катта фарқ бўлишига қарамай (Черчилл Елизаветанинг катта бувиси қиролича Виктория ҳукмронлиги давридаги Иккинчи Бур урушида қатнашган), уларнинг муносабатлари ўзаро ҳурмат ва ишонч билан ажралиб турарди.

У қиролича бўлганидан кейин Черчилл аудитория олқишлари остида шундай деди: «Ажойиб хулосага келдим: қиролича хато қилмайди».

Бош вазирнинг монарх билан муносабати

Аслида, Британия бош вазирлари ва қиролича ўртасидаги муносабатлар қандай бўлганини ҳеч ким аниқ билмайди.

Агар тарихга мурожаат қилсак, қиролича Виктория билан алоҳида муносабатлар ўрнатишга муваффақ бўлган ва бу борада катта муваффақият қозонган Бенжамин Дизраелини эслаш мумкин.

Асосий сиёсий рақиби Уилям Гладстондан фарқли ўлароқ, Консервативлар партияси раҳбари Дизраэли монарх билан қандай мулоқот қилишни жуда яхши билган.

«Ҳамма хушомадни яхши кўради. Агар биз тож эгалари ҳақида гапирадиган бўлсак, уларга хушомадни белкурак билан отишимиз керак», деганди у.