Алишер Узоқов ҳозирда нималар билан машғул?

– «Севимли» телеканалида фаолият юритяпман. Кузатишларимга кўра, ўзбек киноси бироз жонлангандек назаримда. Бундай хулосага келишимга сабаб бир нечта катта лойиҳалар ва синов жараёнларида иштирок этиш учун таклифлар бўлди. Уларда иштирок этдим. Шу билан бирга, доимий изланиш ва ўқиб-ўрганиш жараёнидамиз.

– Яқинда хориждан келдингиз деб эшитдик...

– Тўғри, яқинда қайтиб келдим. Биласизми, узоқ йиллардан бери қўшиқ куйламай қўйгандим. 4-5 та ижод намуналарини тайёрлаб қўйгандим, аммо улар кўнглимга ўтирмагани учун эълон қилмаган эдим. Фикримча, қўшиқда энг муҳим нарса бу – сўз. Шу сафарга кетишдан олдин кўпгина адабиётларни изладим. Сафарга бир ҳафта қолганида Шерзодбек укамиз билан кўришиб қолдим. Унга кетишимни, ғоям борлигини, агар ишларим ўхшаб қолса, бирор қўшиқ суратга олиш ниятида эканимни айтдим. У кўнглимга маъқул келган мусиқани ёзаётганда ўқиб турган китобимни яна бир варақлагандим, излаган мисраларимни топдим. Бу – Ҳайдар Шерозийнинг ғазали эди. Уни яқин орада мухлислар эътиборига ҳавола этамиз.

– Сиз ҳақингизда берилган таърифларда 4-5 та касбнинг номини учратиш мумкин. Қўшиқчи, актёр, футболчи, шарҳловчи... Бу «Устоз кўрмаган шогирд» иборасига тўғри келадими ёки «Йигит кишига қирқ ҳунар оз» мақолигами?

– Қайсидир маънода иккаласига ҳам мос тушади. Аммо устозларим бор. Маҳмуд ака Рашидов – санъатда ўз йўлимни топишимда катта ҳисса қўшган инсон. Валижон ака Умаров – театрда менга устозлик қилган инсон.

– Мен маънавий устозни назарда тутгандим.

– Мен устозларимдан керакли таҳсилни олиб бўлдим. Бу ёғига ўз-ўзимга устозлик қиламан десам ҳам бўлади. Суратга тушган фильмларим бор. Аммо уларнинг барчаси ҳам ўзим истагандек чиқмаган. «Жаноб ҳеч ким», «Ҳаётда», «Тундан тонггача» кинолари ўз талабимга жавоб бера олади десам бўлади.

– Нима деб ўйлайсиз, авваллари фильм ва сценарий танламасдан, суратга тушишга рози бўлганингизнинг сабаби нима? Моддий манфаатми?

– Албатта, моддий жиҳат ҳам эътиборга олинади. Лекин ўша давр учун у кинолар ҳам ёмон эмас эди. Ўз даврида уларнинг томошабини ҳам кўп бўлган. Энг асосийси, ўша пайтдаги кинолар бир тизимга тушган ва томошабин эътиборини торта олган эди. Ўша муҳитни ушлаб қолиш керак эди назаримда. Тўғри, у фильмлар камчиликдан холи бўлмаган. Аммо бундай пайтларда оқилона қарор қабул қилиш керак эди деб ўйлайман.