13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон-Озарбoйжон чегарасида навбатдаги тўқнашувлар бошланди. Ҳар икки томон бир-бирини айблаган ушбу можаро олдингиларидан анча чуқурлашгани билан фарқланмоқда. Гап шундаки, Озарбойжон бу сафар нафақат чегара шаҳарлари, балки Арманистоннинг курорт шаҳри бўлган Жеремук шаҳрига ҳам ҳужум қилган. Ҳозирда минтақадаги хавфсизлик кафолати Россия бўлиб турибди, аммо Москва Украинадаги уруш билан банд. Тоғли Қорабоғдаги вазият назорати аллақачон Кремль қўлидан чиқиб кетган.

Тўқнашув. Икки томон бир-бирини айбламоқда

13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Озарбойжон билан чегарада ҳарбий ҳаракатлар бошлаганини маълум қилди. Арманистон мудофаа вазирлиги Озарбойжон томони артиллерия, миномёт, дрон ва йирик калибрли ўқ отиш қуролларидан фойдаланганини билдирди.

Ереван эълон қилган маълумотларига кўра, мамлакатнинг Варденис, Сотк, Артаниш, Ишханасар, Горис ва Капан аҳоли манзиллари Озарбойжон кучлари ҳужуми остида қолган. Шуни қўшимча қилиш керакки, бу қишлоқ ва шаҳарларнинг барчаси Арманистон давлати ҳудудида жойлашган ва икки давлат ўртасидаги доимий келишмовчиликлар сабаби бўлган Тоғли Қорабоғ билан ҳеч қандай боғлиқликка эга эмас.

Арманистоннинг бир қанча оммавий ахборот воситалари мамлакатнинг Жеремук курорт шаҳрида ҳам портлаш овозлари эшитилгани ҳақида хабар берди. «Спутник Арманистон» нашрига кўра, шаҳарга транспорт воситалари киришига чеклов ўрнатилган. Бу ерга ҳозирда фақат маҳаллий аҳоли ва Жеремукка туташ қишлоқлардаги одамларни хавфсизроқ жойларга олиб кетаётган машиналар кириши мумкин.

Фото: AFP

Арманистон бош вазири Никол Пашинян тўқнашувларда мамлакатнинг 49 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини айтди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги қўшимча қилишича, уч нафар тинч аҳоли вакили ҳам жароҳатланган.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги ҳам қурбонлар ҳақида хабар берди. Унга кўра, 13 сентябрга ўтар кечаси содир бўлган жанговар ҳаракатлар натижасида камида 50 нафар озарбойжонлик ҳарбий хизматчи, шу жумладан, саккиз нафар чегарачи ҳалок бўлган.

Расмий Бокуга кўра, тўқнашув Арманистоннинг «кенг кўламли провокациялари»га жавобан бошланган. Боку Арманистоннинг диверсив кучлари Озарбойжон армияси бўлинмалари позициялари орасидаги алоқа ва таъминот йўлларини миналаштирганини таъкидлади. Маълум қилинишича, ушбу ҳаракатларга жавобан Боку «шошилинч чоралар» кўрган ва бу тўқнашувлар бошланишига олиб келган.