Жаҳон | 22:56 / 24.11.2025
6901
2 дақиқада ўқилади

Олимлар Каспий денгизи иккига ажралиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Каспий денгизи ёш тоғ тизмаси ҳосил бўлиш зонасида жойлашган: Кавказ тоғлари ўсишда давом этмоқда ва айнан шу тектоник фаоллик сувнинг чекинишига таъсир кўрсатаётгани таъкидланмоқда.

Фото: Getty images

Озарбойжон Фанлар академияси География институти ходимларининг айтишича, Каспий денгизидаги сувнинг чекиниши вақтинчалик ҳодиса эмас, балки минтақа қиёфасини ўзгартириши мумкин бўлган кенг кўламли жараёнларнинг бир қисмидир. Бу ҳақда Озарбойжоннинг Minval янгиликлар портали ёзди.

Институт ходимлари сув сатҳининг пасайишини фаол тектоник жараёнлар билан изоҳламоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, Каспий денгизи ёш тоғ тизмаси ҳосил бўлиш зонасида жойлашган: Кавказ тоғлари ўсишда давом этмоқда ва айнан шу тектоник фаоллик сувнинг чекинишига таъсир кўрсатмоқда.

«Каспий денгизи фаол тектоник зонада жойлашган. Кавказда тоғ ҳосил бўлиш жараёни тугалланмагани сабабли, биз сув сатҳининг пасайишини кузатмоқдамиз. Тектоник жараёнлар эса жуда узоқ давом этади», деди институт илмий ходими Мирнух Исмоилов.

Унинг фикрича, келажакда Каспий денгизи иккита алоҳида сув тизимига - Дарбанд ботиғидаги шимолий ва Лянкаран ботиғидаги жанубий сув тизимларига бўлиниши мумкин. Бу жараён вақт ўтиши билан чўзилади, аммо жорий динамикани сақлаб қолган ҳолда муқаррардир.

География институтининг яна бир ходими Элнур Жафаровнинг қўшимча қилишича, сув сатҳи шунчалик пасайиши мумкинки, денгиз қирғоқ чизиғидан 30 километрдан кўпроқ масофага чекинади.

Аввалроқ, Каспий денгизи йилдан йилга саёзлашиб бораётгани, хусусан, жорий йилда сув сатҳи бутун кузатувлар давридаги энг паст даражага тушгани ҳақида хабар берилган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид