Ўзбекистоннинг Озарбойжондаги элчихонаси дипломатлари хорижда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларга ёрдам кўрсатишда давом этмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» Ахборот агентлиги мухбири.
Маълум қилинишича, соғлигидаги жиддий муаммолар, жумладан, микроинфарктни бошидан кечирган фуқаро мамлакат элчихонасига ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Элчихона маълумотларига кўра, ушбу фуқаро кўп йиллар давомида Озарбойжонда зарур ҳужжатларни расмийлаштирмасдан яшаб келган. Доимий кўчиб юришлар натижасида у шахсини тасдиқловчи ҳужжатини ҳам йўқотган.
Фуқаронинг тиббий ҳолати, доимий яшаш жойининг йўқлиги ва оғир моддий аҳволини инобатга олган ҳолда, элчихона дипломатлари томонидан уни шошилинч равишда репатриация қилиш чоралари кўрилди. Жумладан, авиачипта сотиб олиш ҳам дипломатик муассаса томонидан ташкил этилди.
Ҳозирги кунда фуқаро ватанга муваффақиятли қайтарилган бўлиб, тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан унга барча зарурий тиббий ҳамда ижтимоий ёрдамлар кўрсатилмоқда.















