Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия билан алоқани узиш режаси. Европа рус газисиз ўтадиган қишга тайёрланмоқда
Европа Иттифоқи Россия энергия ресурсларидан воз кечишга қатъий қарор қилди, чунки Владимир Путин улардан Европага қарши иқтисодий уруш қуроли сифатида фойдаланмоқда деб ҳисоблайди. Бу осон эмас ва қимматга тушади. Бугунги кунда Европа Иттифоқи газ блокадаси шароитида қишни қандай ўтказиш, аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун пулни қаердан олиш кераклиги бўйича янги режани тақдим этди.
Европа Иттифоқи сўнгги ярим асрдаги энг йирик энергетика инқирозига учради. Бу дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиётига ярим триллион евродан кўпроқ зарар келтирди. Қиш ҳали бошланмади, иситиш мавсуми олдинда, аммо газ нархи ўтган йилгидан 10 баробар қиммат.
Бунга Путин айбдор, деб ҳисоблайди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.
«Россия энергия бозори билан фаол равишда манипуляция қилмоқда», деди у Европарламент ва Европа Иттифоқининг 450 миллион фуқароларига йўллаган мурожаатида. - Россия нафақат Украинага қарши уруш бошлади. Бу бизнинг энергетикамизга, иқтисодиётимизга, қадриятларимиз ва келажагимизга қарши урушдир».
Бу қарама-қаршиликда Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатдан бардош ва бирдамлик талаб қилинади. Еврокомиссия томонидан эълон қилинган янги режа айнан шуни кучайтиришга қаратилган. Шундагина ғалаба кафолатланади, деб қўшимча қилди фон дер Ляйен.
«Путин ютқазади. Украина ва Европа эса ғалаба қозонади», деди у ва Украинани қўллаб-қувватлашга, Кремлга нисбатан эса қаттиққўллик қилишга ваъда берди.
«Санкциялар сақланиб қолади. Энди ён бериш эмас, қатъийлик даври келди».
Ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба
Кремль Европа Иттифоқига қарши энергия урушини бир йилдан буён давом эттирмоқда. Путин бу урушда ҳужумга ўтганини Европа ёздаёқ тушуниб олган эди.
Май ойига келиб, Россия газини етказиб бериш ҳажми уч йилликнинг энг юқори кўрсаткичларидан икки баробар пасайди ва кунига 250 миллион куб метрга тушиб қолди. Июл ойи бошида эса «Газпром» «Шимолий оқим» магистрал қувурини олдин профилактика мақсадида, сўнгра бутунлай ўчирди. Оқибатда газ етказиб беришнинг кундалик ҳажми 80 миллион куб метрга тушди – тарихий минимум.
Европа зудлик билан газ блокадасига тайёргарлик кўришни бошлади, қандай қилиб Россия энергия манбаларисиз қишни ўтказиб олиш ҳақида ўйлаб, фавқулодда режаларни тузди. Биринчиси июл ойида пайдо бўлди. У қиш учун газ тўплашни назарда тутар эди.
Иккинчи режани фон дер Ляйен хоним эълон қилди. У электр энергиясини қандай тежаш ва энергетикларнинг юқори даромадларини қиммат нархлардан азият чекаётган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қайта тақсимлаш ҳақида эди.
Европа Комиссиясининг ёзги (биринчи) режаси учта асосий банддан иборат:
1) нефт, газ ва кўмирнинг муқобил етказиб берувчиларини топиш;
2) газни тежаш ва октябргача омборларни 80 фоизга тўлдириш;
3) янги энергия манбаларига инвестициялар миқдорини ошириш.
ЕИ катта маблағ эвазига бўлса-да, ҳар учала бандни бажаришда муваффақиятга эришди.
Украинага бостириб киришдан олдин Россия Европага энергия ресурсларининг асосий етказиб берувчиси бўлган. Европанинг бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжининг 60 фоизи импорт билан қопланади. Россия нефти, нефт маҳсулотлари, газ ва кўмир Европа истеъмолининг деярли 25 фоизини қоплаган, газ улуши эса айниқса юқори бўлган – 40 фоизгача.
Ҳозир Норвегия Европа Иттифоқига Россиядан кўра кўпроқ газ етказмоқда. «Газпром»нинг Европа бозоридаги улуши 40 фоиздан 9 фоизга тушиб қолди, дейди Еврокомиссия раҳбари.
Омборлар билан боғлиқ вазият ҳам яхши: уларни 1 октябргача 80 фоизга тўлдириш режаси ортиғи билан бажарилди – кўрсаткич аллақачон 84 фоизга етган.
Аммо, қишда электр энергиясининг занжирсимон узилиши олдини олиш чоралари қимматга тушди. Bloomberg иқтисодчилари ҳисоб-китобларига кўра, евроҳудуднинг 19 мамлакати бу йил газ сотиб олишга қўшимча ярим триллион евро сарфлайди, оқибатда иқтисодий ўсишнинг 2 фоизидан маҳрум бўлади. Агар қиш жуда совуқ келса ва Европа инқирозга қарши курашда бирдамликка эришмаса, зарар икки баробар кўп бўлади.
Қисман бу қийматни аҳоли ва бизнес тўлайди, лекин улар нархларнинг 10 баробар ошишини оммавий банкротсизлик ва ижтимоий ларзаларсиз кўтара олмасдилар. Шу сабабли, ҳукуматлар вазиятга субсидиялар билан аралашди. Яъни улар бу қийматнинг катта қисмини солиқлар ҳисобига, шу жумладан, келажакдаги солиқлар ҳисобига қоплади. Бунинг учун қарз олинди.
Қиш ҳали бошланмади, аммо Европа Иттифоқида энергия инқирозига қарши кураш учун бюджет харажатлари аллақачон 350 миллиард евродан ошиб кетган. Иттифоқни тарк этган Буюк Британия ҳам ортда қолмади ва яқинда давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мисли кўрилмаган режасини тасдиқлади. У икки йил ичида камида 150 миллиард фунт стерлингга тушади.
«Россия энергия ресурсларига қарамлик биз учун жуда ва жуда қимматга тушмоқда», деди фон дер Ляйен. «Биз бу қарамликдан қутулишимиз керак. Биз Россияни бошқа ишончли етказиб берувчилар билан алмаштиришимиз керак, масалан, АҚШ, Норвегия, Жазоир ва бошқалар».
Янги режа
Еврокомиссиянинг янги режаси учта муаммони ҳал қилишга қаратилган: электр энергияси истеъмолини қандай камайтириш, нархларни қандай ушлаб туриш ва аҳоли билан бизнесни қўллаб-қувватлаш учун пулни қаердан олиш.
Брюссел мулозимларининг барча дастлабки таклифлари блокнинг 27 мамлакати расмийлари томонидан тўғри қабул қилинмади. Шу сабабли, фон дер Ляйен фақат энергетика вазирлари томонидан маъқулланган таклифлар билан чекланди. Улар учта.
- Энергия компаниялари учун ўта юқори даромад солиғи ёки «бирдамлик тўлови»ни жорий этиш. Компаниялар одатдагидан беш баробар кўп даромад олишди. Лекин бу раҳбариятнинг ақл-заковати ёки жасорати туфайли эмас, балки Путин биринчи навбатда Европага газ етказиб беришни қисқартиргани, Россия эса Украинага қарши уруш бошлаб, санкциялар остида қолгани учун рўй берди.
- Газ ёрдамида ишлаб чиқилмайдиган, асосан ядровий ва қайта тикланадиган энергия учун нархлар чегарасини ўрнатиш. Бундай ишлаб чиқарувчилар газга пул сарфламайди, уларнинг энергияси таннархи паст ва бозор умумий бўлгани сабабли, уни худди газ билан ишлайдиган электр станциялари каби ўта қиммат нархда сотмоқда.
- Истеъмол миқдори ошиб кетадиган соатларда барчани энергияни тежашга мажбурлаш. Ким ва қанча миқдорда тежаши кераклигига кейинроқ ойдинлик киритилади.
Энергия компанияларидан солиқ сифатида олинган қўшимча 140 миллиард еврони ижтимоий жиҳатдан энг кам ҳимояланган фуқароларга тақсимлаш, муҳим корхоналар, шифохоналар ва мактабларнинг газ тўловларини субсидиялаш режалаштирилмоқда. Ҳозирча солиқ ставкаси номаълум, ўта юқори фойданинг тахминан учдан бир қисмини бюджетга олиш ғояси қўллаб-қувватланмоқда.
Путиннинг таҳдиди иш берди
Янги режага энг радикал таклиф – Россия гази нархининг юқори чегарасини белгилаш киритилмади.
Фон дер Ляйен бу ғояни эълон қилиши билан, Путин Россиядан энергияни фақат олдиндан белгиланган, чекланган нархда сотиб олиш таклифини «мутлақо аҳмоқлик» деб атади. Бунга жавобан газ ва бошқа ҳамма нарсани «ўчириб қўйиш» билан таҳдид қилди.
«Агар бу бизнинг манфаатларимизга, бу ҳолатда иқтисодий манфаатларимизга зид бўлса, ҳеч нарса етказиб бермаймиз. Газ ҳам, нефт ҳам, кўмир ҳам, ёқилғи ҳам бермаймиз, ҳеч нарса бермаймиз», деди Путин ва навбатдаги марта Европанинг борадиган бошқа жойи йўқлигига ишонишини айтди.
«Бизни бирор нарсага мажбурламоқчи бўлаётганлар бугун ўз хоҳиш-иродасини билдирадиган ҳолатда эмас. Яхшилаб ўйлаб кўришсин», деди у.
Натижада, нархнинг юқори чегарасини белгилаш ҳақидаги таклифга нафақат Россия таъминотига қарам бўлган Венгрия, Словакия ва Австрия, балки Германия, Нидерландия ва Дания ҳам қарши чиқди.
Бундай вазиятда Еврокомиссия (амалда Европа Иттифоқи ҳукумати) ушбу режага нарх чегарасини киритмади. Чунки таклифлар қонун ва қоидага айланишдан олдин, биринчи навбатда Европа парламенти, кейин эса барча 27 мамлакат томонидан тасдиқланиши керак. Уларнинг ҳар бири вето ҳуқуқига эга.
30 сентябр куни Еврокомиссия режаси Европарламентда муҳокама қилинади. Ундан олдин энергетика вазирлари нарх чегараси масаласида келишувга эришиши ҳам мумкин, аммо бунга ҳеч ким ишонмаяпти.
Аммо бу чекловсиз ҳам инқирозга қарши чораларнинг янги пакети ЕИ учун ютуқдир, чунки келишмовчиликлар баъзи тафсилотларга тааллуқли, Россия билан алоқани узиш бўйича умумий ёндашувга эмас, дейди Eurasia Group ташкилотидаги Европа масалалари бўйича эксперт, профессор Миж Рахмон.
«Россиянинг Европага энергия ресурслари етказиб берувчи етакчи сифатидаги мақоми барҳам топишига саноқли кунлар қолди».
Мавзуга оид
10:02
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026