Ўзбекистон | 20:30 / 14.09.2022
13057
3 дақиқада ўқилади

ШҲТ кундалиги: Олий даражали ташрифлар бошланди, ташкилот ҳамкорлари кенгаймоқда

Бугун, 14 сентябр куни Самарқандга Эрон, Мўғулистон ва Қирғизистон президентлари, Хитой раиси ҳамда БМТ бош котиби ўринбосари етиб келди.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити олдидан Самарқандга олий даражали меҳмонлар ташрифи бошланди. Дастлаб Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух етиб келди. У Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди, шундан кейин Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

Бу учрашувдан кейин Ўзбекистон етакчиси саммит доирасида Самарқандга келган БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари ДиКарлони қабул қилди. Томонлар Орол денгизи, Афғонистон ва Марказий Осиёдаги барқарорлик масалаларини муҳокама қилди.

Тушдан кейин Самарқандга Эрон президенти Иброҳим Раисий ташриф буюрди. Маълумот учун, Эрон президенти Ўзбекистонга охирги марта бундан 20 йил олдин келганди. Теҳрон ШҲТнинг тўққизинчи аъзосига айланмоқда.

Раисийнинг расмий ташрифи сабаб фахрий қоровул саф тортиб, икки давлат мадҳиялари янгради. Шундан кейин Ўзбекистон ва Эрон муносабатларида кенгайтириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди, қатор ҳужжатлар имзоланди.

Бугун Миср ва Қатар Самарқандда ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини олди. Бундай статус Саудия Арабистони, Баҳрайн, Малдив ороллари ва яна бир давлатга ҳам берилиши кутиляпти. Шу тариқа, ташкилотнинг мулоқот ҳамкорлари сони икки баробарга ошиб, 12 тага етади.

Бугун, шунингдек, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Хитой раиси Си Жинпинг ҳам ташриф буюрди. Хитой етакчиси Самарқандга келишдан олдин Нур-Султонга давлат ташрифини амалга оширди. Ташриф давомида қатор келишувларга эришилган, Хитой томони Қозоғистоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашини айтган.

Мўғулистон, Эрон ва Қирғизистон раҳбарларини Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олган бўлса, Хитой раиси Си Жингпингни Самарқанд аэропортига шахсан президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Эслатиб ўтамиз, Жинпинг Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширяпти.

Эртага, 15 сентябр куни Россия президенти Владимир Путиннинг ташрифи кутиляпти. Шу куни Ўзбекистон президенти номидан давлат раҳбарлари учун норасмий кечки овқат ташкил этилади.

Асосий тадбирлари 16 сентябрда бўладиган ШҲТ саммитида жами 15 та давлат етакчиси иштирок этиши режа қилинганди. Бугун маълум бўлишича, Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатдаги вазият сабаб Самарқандга сафарини бекор қилган.

Мавзуга оид