Жаҳон | 22:42 / 04.09.2025
8539
4 дақиқада ўқилади

Исроил–Эрон урушига ШҲТ қандай реакция қилди?

Исроилда Эронга яна ҳужум қилиш ҳақида баёнотлар янграб турибди. Июн ойидаги 12 кунлик урушда ШҲТ баёнот бериш билан чекланган эди, чунки бу – ҳарбий блок эмас, балки мулоқот ва ҳамкорлик форуми, дейди “Геосиёсат” дастурида қатнашган сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Алоуддин Комилов.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Исроил расмийлари бот-бот Эронга яна ҳужум қилиш ҳақида гапиряпти. Агар шундай бўлса, ШҲТ Теҳронга қандай ёрдам беролади?

Камолиддин Раббимов: Исроил сиёсатчилари Эронга яна ҳужум қилиш ҳақида кўп марта айтиб келишяпти. Исроил–Эрон ўртасидаги 12 кунлик урушда, ШҲТ ташкилот фақат баёнот берган эди. Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти – блок эмас, у кўпроқ ҳамкорлик клуби. Иқтисодиёт, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйган, лекин реал ҳарбий аралашувга қодир эмас. Шунинг учун баёнот билан чекланади.

Шу билан бирга, айрим давлатларнинг икки томонлама позицияси ҳам аҳамиятли. Масалан, Хитой-Эрон ёки Покистон-Эрон муносабатлари анча яқинлашган эди. Ҳатто Покистон жуда кескин баёнотлар қилган эди: “Биз Исроилга қарши тўғридан тўғри ҳужум қилишимиз мумкин”, деган гаплар бўлган. Кейинроқ эса “Исроилга ҳужум эмас, балки Эронни мудофаа қилиш учун ракеталар беришимиз мумкин”, дея позициясини юмшатган эди.

Бу урушда Эрон ўзининг кучли қарши зарба бериш қобилиятини амалда намоён қилди. Ҳозир Эрон ҳам, Исроил ҳам кейинги урушга тайёрланяпти, чунки Исроил Эроннинг ядро дастури бутунлай йўқ қилиш мақсадига эришмади.

Алоуддин Комилов: Умуман олганда, бу масалада муносабатлар ниҳоятда мураккаб. Ўтган сафар Исроилнинг 12 кунлик уруши давомида Эронга ҳеч бир давлат бевосита ёрдам бермаганини эслаймиз. Шундан сўнг Ғарб оммавий ахборот воситалари ва турли ақл марказлари экспертлари бир қанча сценарийларни муҳокама қилган эди.

Масалан, яқинда Эрон сиёсатчиларидан бири Россияга ишонмаслигини очиқ айтди. Унга кўра, Россия томонидан берилган ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларининг жойлашув маълумотлари Исроилга берилган. Бу баёнот Эроннинг Россияга бўлган ишончсизлигини яққол кўрсатади.

Покистон масаласида ҳам вазият мураккаб. Чунки аҳолининг катта қисми Эронни қўллаши мумкин, бироқ сиёсий элита ва ҳукумат даражасида Исроилнинг ҳарбий операцияларига ёрдам берилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволар бор. Аммо буни тасдиқловчи аниқ далиллар йўқ. Шунга қарамай, Покистон билан Эрон ўртасидаги бу мураккаблик умумий вазиятни оғирлаштиради.

Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига келсак, у ҳарбий блок эмас, балки кўпроқ форум хусусиятига эга тузилма. Унда давлатлар бир-бирини ҳимоя қилиш мажбуриятини олмайди, умумий ҳарбий операциялар ўтказиш бўйича ҳам ягона позиция мавжуд эмас. Улар асосан учрашиб, дипломатик йўлда мулоқот қилишади, Ғарб нарративларига алтернатив фикрлар ишлаб чиқишади, энергетика, транспорт ва хавфсизлик каби масалаларда позицияларни мувофиқлаштиришга ҳаракат қилишади. Бироқ бу ҳамкорлик ҳеч қандай мажбурий кучга эга эмас.

Суҳбатни тўлиқ YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид