19:23 / 14.09.2022
15844

Таълим, миграция, жамоат ташкилотлари ва сукутдаги расмийлар – урушга Россиядаги ўзбеклар ҳам бориб қолгани ҳақида

You Tube тармоғидаги "Бутусов плюс" канали 10 сентябр куни Россия томонидан урушда қатнашган бир неча ўзбекистонликни Украина ҳарбийлари асирга олгани айтилган видео эълон қилди.

Видео остида жойланган изоҳга кўра, ҳолат Украинанинг 25-ҳаво десантчи бригадаси жангчиларининг Балаклия остонасида рус қўшинлари билан тўқнашувида юз берган.

Қўлга олинган ва ўзбекистонлик экани айтилган 2 нафар асир сўроқ қилиниши чоғида бири Россияда мигрант экани ва Москвада ноқонуний ишлаб юргани боис урушга мажбуран юборилгани, иккинчиси эса талаба экани ва пул ишлаш учун урушга ёлланганини айтади.

Видеода асирларнинг иккиси ҳам самарқандлик экани айтилган.

Kun.uz айни муаммо ва унинг сабабларини излаб, таҳлилий интервью ўтказди. Суҳбатдошларимиз Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ва сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов бўлди.

Kun.uz: —

Сўнгги йилларда ўзбекистонликларнинг турли давлатларда бўлаётган урушларда ёлланма жангчи сифатида иштирокчига айланаётганидек даҳшатли бир муаммонинг сабабларини биринчи навбатда таълим призмасидан қараб кўрсак. 

Хўш, бугун ёшларнинг дунёқарашини ўстириш, умуминсоний қадриятларини мустаҳкамлаш, катта ҳаётда қадриятлар компасини тўғри топиб ололмаётганида таълимнинг ўрни қанчалик?

Камолиддин Раббимов: –

Мен бу борада хорижий ва айниқса, ҳуқуқий давлатларнинг мактаб ва олий таълим тизимини ўрганиб, уни Ўзбекистон тажрибаси билан солиштириб кўрдим. Ҳаммага маълумки, Ўзбекистонда ватандошнинг дунёқарашини шакллантирувчи сегмент Ўзбекистон таълимидаги энг заиф жой. Халқ таълимида ҳам, Олий таълимда ҳам ёшларга глобал жамиятда компас берувчи фанлар сони ва салоҳияти ниҳоятда тор, саёз.

Масалан, Ғарбий Европа давлатлари, Америка Қўшма штатлари, Япония ёки Жанубий Кореяда ёшлар мактаб ёки олий таълимни битирганда, ўз йўлини йўқотиб қўймаслиги учун маълум глобал билимлар берилади. Бу эса шу давлатларда таълимнинг энг асосий вазифаси ҳисобланади. Айни шу масалада Ўзбекистон таълимида жуда катта муаммолар бор.

Ташқи дунёда шу соҳадаги ўқитувчилар синфини шакллантириш, уларнинг дастурларига давлат жуда катта эътибор қаратади. Ҳа, биология, кимё, математика ҳам муҳим, лекин булар ихтисослашган фанлар ҳисобланади. Яъни улар маълум муддатдан кейин ҳар қандай шахснинг ёдидан кўтарилади. Лекин жамият билан мулоқот, дунёқараш бу эсдан чиқиши мумкин бўлмаган иш.

Шунинг учун ҳам ҳуқуқий давлатларда куч ишлатмасдан, мулоқот орқали масалани ҳал қилиш масаласи асосий ўринда туради.

Ўзбекистон – ёшлар мамлакати ва шундай давлат, жамиятда ёшларнинг дунёқараши қандай? Бу масалада жавоб бериш қийин. Қайтараман, дунёқарашни шакллантирадиган фанлар тармоғи бизда жуда тор.

Абдураҳмон Ташанов: —

Рус ёзувчиси Толстой айтади: “беш ёшгача шу қадар катта масофани босиб ўтасанки, қолган умринг бир қадам”. Мен масала муҳокамасини бироз қуйироқдан – мактабгача таълимдан бошламоқчиман.

Ҳозир мактабгача таълим масаласи кўп кўтариляпти, боғчаларда болалар қамрови ошди. Бунинг учун алоҳида вазирлик ҳам очилди.

Лекин биз бундан аввалги 30 йиллик давр мобайнида болаларимизнинг болалигини бой бердик. Уларга таълим ҳам, тарбия ҳам беролмадик. Болаларимиз катталарнинг қандай қийинчиликда яшаётгани, кулфатини кўриб ўсди. Яъни оила призмасидан қарасангиз, у биринчи навбатда оиланинг иқтисодий аҳволини ўйлаб ўсди.

Ҳа, Камолиддин аканинг фикрларига қўшиламан, таълимда ҳақиқатан ҳам сифат паст. Шунингдек, болалар жамият, глобал муаммолар ҳақида фикрлаб кўрмаган, чунки катталарнинг ўзи фикрлаб кўрмаган. 

Интервьюни тўилқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Top