Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Берлин Пекиндан Украинада “адолатли ва барқарор тинчлик”ка ҳисса қўшишни сўрамоқда
Берлин Хитойдан Украинада “адолатли ва барқарор тинчлик”ка эришиш жараёнига фаолроқ аралашишни сўрамоқда. Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Пекиндан Москвага таъсирини ишга солиб, Россияни Украина суверенитетига ҳурмат билан муносабатда бўлувчи жиддий музокараларга ундашини кутаётганини таъкидлади.
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Хитойга ташрифи арафасида Пекинни Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни илгари суриш мақсадида Москвага бўлган таъсирини янада фаолроқ қўллашга чақирди.
«Россияга Хитойчалик таъсир ўтказа оладиган бошқа бирор давлат йўқ. Шу боис айнан Хитой Украина суверенитетига ҳурмат билан муносабатда бўлувчи жиддий музокараларга Россияни тайёр ҳолатга келтириш учун ўз салоҳиятидан самарали фойдаланиши мумкин», — деди Вадефул якшанба, 7 декабр куни Берлинда Пекинга учиб кетишдан олдин журналистлар билан суҳбатда.
Унинг сўзларига кўра, Германия ҳукумати Хитой Украинада «адолатли ва барқарор тинчликка эришишга ўз ҳиссасини қўшиши»га умид қилмоқда. Вадефул таъкидлашича, Россиянинг Украинага қарши тажовузкор уруши Европада хавфсизлик манфаатларига таҳдид солмоқда ва «Европа ҳамда Осиёда хавфсизлик, фаровонлик ва эркинлик қандай яқин боғлиқ экани»ни кўрсатиб бермоқда.
Пекин ўзини нейтрал позицияда деб кўрсатиб келаётганига қарамасдан, Ғарб мамлакатларида уни Россиянинг ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётганликда танқид қилмоқда, дея ёзади dpa агентлиги. Шу шароитда, ГФР ташқи ишлар вазири фикрича, Хитой билан очиқ ва ростгўй мулоқот олиб бориш айни дамда айниқса муҳим аҳамият касб этади. «Бизнинг манфаатларимиз шуни тақозо қиладики, бу мулоқотни бевосита адолат тамойиллари асосида юритишимиз керак», — деди Вадефул Хитойга қилаётган ўзининг илк расмий ташрифи арафасида.
Ташриф доирасида Вадефул, шу жумладан, Пекин томонидан жорий этилган савдо чекловларини, айниқса, немис саноатининг кўплаб соҳалари учун зарур бўлган нодир ер элементлари экспортига қаратилган тўсиқларни муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Вазир таъкидлашича, ҳам Германия, ҳам Хитой барқарор савдо муносабатларидан манфаатдор, аммо бундай муносабатлар фақат адолатли ва очиқ халқаро савдо қоидаларига ҳар икки томон риоя қилган тақдирдагина мумкин бўлади.
Аввалига Вадефулнинг Хитойга ташрифи 26 октябр кунига режалаштирилган эди, аммо 24 октябр куни сафар кутилмаганда кейинга қолдирилди. Берлиндаги сиёсий доираларда айтилганидек, Хитой томонидан Вадефул учун ташқи ишлар вазири Ван Идан ташқари етарлича юқори мартабали суҳбатдош топилмаган, шу боис ташриф маъносини йўқотган.