Ўзбекистон | 15:22 / 15.09.2022
7657
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари амалий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги вазифалар ижросини муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 сентябр куни фахрий меҳмон сифатида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни Самарқандга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон қадриятлари ва маънавий-маданий мероси муштарак бўлган биродар озарбойжон халқи билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини юксак қадрлашини таъкидлади. Озарбойжон етакчиси давлат раҳбарига таклиф ва қабул учун миннатдорлик билдириб, стратегик шериклик муносабатлари юксак даражага чиққанини қайд этди.

Жорий йил стратегик шерикликни мустаҳкамлашда тарихий давр бўлгани таъкидланди. Озарбойжон президенти давлат ташрифи якунлари барча даражалардаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилди ва амалий ҳамкорликка янги суръат бағишлади. Парламентлараро ҳамкорлик ривожланаётгани, савдо ҳажми ошаётгани, энергетика, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, пахтачилик ва ипакчиликда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани юқори баҳоланди.

Президентлар маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Август ойи охирида икки мамлакат маданият ва фан арбоблари Ўзбекистон ва Озарбойжон юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди.

Учрашувда Ўзбекистон-Озарбойжон стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш асосий вазифалари батафсил кўриб чиқилди ва бу борадаги келгуси вазифалар белгилаб олинди. Бўлажак тадбирлар режаси, Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти саммити кун тартиби келишиб олинди.

Мавзуга оид