5 сентябр. Бухоро вилоятида жойлашган Пешкў туманидаги 28-мактаб ҳар йилгидан анча гавжум. Мактабга бу йил борган 1-синф ўқувчилари 6 та синфга бўлинишди. Уларнинг 4 тасида таълим рус тилида олиб борилади. Руслар деярли яшамайдиган туманда ота-оналар фарзандини негадир тобора рус синфларида ўқитишни бошлаган.

Туманнинг Садир қишлоғида яшовчи 35 ёшли Санобар 8 ёшли ўғлини мактабга жўнатиб қўйди. Ўғли тумандаги 2-мактабнинг 2-синфида ўқийди.

Аёл одатда боласини кузатгач, чала қолган ишларини тугатиб қўйиш учун тикув машинаси ёнига ўтиради. У тикиш-бичишни яхши кўради, янада аниқроғи, тикиш отидан пул топиб, рўзғорнинг кам-кўстларини ямайди. Албатта, у ёлғиз она эмас. Турмуш ўртоғи билан бахтли ҳаёт кечиради.

Турмуш ўртоғи Россиянинг Москва шаҳрида қурилишда ишлайди. Туманидаги эркакларнинг аксари хорижга ишлашга кетади. Чунки туманда каттароқ завод, саноат ишлаб чиқариш корхоналари йўқ ҳисоби. Умуман Ўзбекистонда расмий ишсизлик даражаси жуда юқори бўлмаса-да, норасмий ишсизлар кўп.

Ишсизлик кўпми ёки иш ҳақи кам?

Меҳнат ва бандлик вазирлиги 2021 йилда Ўзбекистонда 1 млн 442 минг киши ишга муҳтожлиги ва ишсизлик даражаси 9,6 фоизга етганини маълум қилган эди. Ёшлар орасида ишсизлик даражаси 15,1 фоизни, аёллар орасида эса 13,3 фоизни ташкил этди. Аммо асл ҳолатда рақамлар бундан йирикроқ бўлиши мумкин. Сабаби хорижга ишлаш учун кетувчиларнининг ўзи 2 млн.дан ошади.

Ишга берилган ойлик аксар ҳолларда тирикчиликдан ортиғига етмайди. Одамлар эса уй-жой қилишни, оёғи тагида битта машинаси бўлишини хоҳлайди.

Масалан, Статистика қўмитаси 2022 йил биринчи чорагига кўра, ўртача номинал иш ҳақи 3,4 млн сўмни ташкил этади, деган маълумотни берган. Лекин Ўзбекистоннинг ҳамма жойида ҳам бунақа маош берилмайди. Тумандаги бюджетдан маош олувчи ишчиларнинг айтишича, аксар ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлиги 2 млн сўмга ҳам етмайди. Мактаб ўқитувчилари орасида дарс соатлари кўплиги учун тил ўқитувчиларининг ойлиги 4–5 млн сўм атрофида бўлади.