Жамият | 18:00
4212
3 дақиқада ўқилади

Тўрт фаслда ҳам сайёҳлар узилмайдиган қишлоқ: Эртошсойда бир кун

Эртошсой Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган. Қишлоқ ёзда ҳам, қишда ҳам меҳмонлар билан гавжум бўлади. Эртошсойга туризм қишлоғи мақоми берилган. Атрофини пурвиқор тоғлар ўраб турадиган туристик манзилга ёз фаслида салқинлаш учун, қишда эса қор кўргани боришади. Kun.uz мухбири Эртошсойдаги хонадонлардан бирида бўлиб, одамларининг яшаш тарзи билан танишди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эртошсойдаги биз меҳмон бўлган хонадон бошлиғи Бекзод Баратов мактабда ўқитувчилик қилар, асосий ишидан ташқари меҳмон уйларида сайёҳларга хизмат кўрсатар экан.

Бекзод Баратов

“Иқлим ўзгариб кўп ҳудудларга қор ёғмай қўйди. Эртошсойда эса қор бор. Қишлоғимизга атай қор кўргани келишади. Қишлоқ 4 фаслда ҳам одамлар билан гавжум бўлади. “Нива” менинг дастёрим. Бу машинанинг қулай томони — қорли тоғга ҳам бемалол чиқиб кета олади. Уйимда тунаб қолган меҳмонларни тоғга олиб чиқиб, айлантириб келаман.

Шу кунларда ҳарорат пастлигидан сойдаги сув ҳам музлаб қолган. Яхшиямки бу йил аномал совуқ бўлмади. Кучли совуқда сой суви бундан-да кўп музлаб қолган бўларди.

Тўрт нафар фарзандим бор. Уч қиз, бир ўғил. Чорвачилик билан шуғулланамиз. Мол-қўйларни кўпайтириб ётибмиз. 30 эчки, тўққиз сигиримиз бор. Қишда қиладиган ишимиз — ишдан келиб мол-ҳолга, чорвага қараш. Эчкининг сути дори бўлади. Кўп меҳмонларимиз, туристларимиз атай эчкининг сути учун келади. Ёз фаслида эчкиларни соғиб, сутини меҳмонларга сотиб, даромад қиламиз.

Отим узоғимни яқин қилади. Эрта баҳорда тоғларда чамиш (қўзиқорин) чиқади. Отни миниб қўзиқорин тергани борамиз. Қўзиқорин калорияли яхши нарса. Бизга қўшимча даромад ҳам. Чамиш деса ҳеч ким тушунмайди-ю, қўзиқорин деса кўпчилик билади.

Қўзиқорин май ойида пишади. Қўзиқоринни сарёғга қовуриб есангиз, жуда мазали. Баҳорда унинг кг 100-150 мингга кўтарилиб кетади. Ҳатто гўштдан ҳам қиммат бўлади. Тоғларда қўзиқоринлар кўп. Лекин уни теришнинг ўзига яраша машаққатлари бор”, дейди Бекзод Баратов.

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид