Ўзбекистон | 16:45 / 17.09.2022
35152
8 дақиқада ўқилади

ШҲТ: Келишувлар, Путин ва Си учрашуви, Лукашенко тилидан янграган рус фалсафаси — Ўзбекистон нималарга эришди?

Кеча ШҲТга аъзо давлат раҳбарларининг 22-йиғилиши якунига етди. Шу билан Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даври ҳам тугади ва раислик навбати илк бор Ҳиндистонга ўтди.

Kun.uz мухбири ШҲТнинг Самарқанд саммити ва унинг якунлари бўйича бир нечта савол билан сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ва иқтисодчи Абдулла Абдуқодировга юзланди.

Kun.uz: –

Самарқанд саммити қанчалик самарали ўтди, қандай масалалар кўтарилди-ю, нималарга эришилди?

Келинг, саммитда кўрилган ва келишилган масалаларни расмий тилдан оддий тилга ўгириб, кузатувчиларимизга етказсак.

Камолиддин Раббимов: –

Охирги икки-уч йилда бутун дунёда коронавирус пандемияси чекловлари кузатилди. Шу сабабли, ўтган вақт давомида ШҲТнинг бир неча саммитлари онлайн тарзда ўтказилди. Мана, уч йил деганда аъзо давлат раҳбарлари юзма-юз кўришди.

Ўзбекистон бу саммитга узоқ тайёрланди. Миллиардлаб доллар маблағлар сарфланди. У ерда янги бир инфраструктура шакллантирилди.

Иккинчи сабаб, коронавирус сабабли Хитой Халқ Республикаси ва коллектив ғарб ўртасида бир поғона юқори даражага чиқди. Чунки ҳали коллектив ғарб, хусусан, АҚШ коронавирус сабаб Хитойни жаримага тортиши борасидаги суд жараёнлари бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Учинчи сабаб, Саммит олдидан Россия ва Украина ўртасидаги уруш сабаб дунё ҳамжамиятида бир нечта саволлар бор эди. Яъни Путин ва Си Жинпинг нималарни гаплашиши ва ғарбга муқобил кўрилаётган бу ташкилотнинг гиосиёсий оҳанги қандай бўлиши қизиқ эди. Мана шу саволларга жавоб изланди. Ташкилот ичида зиддиятлар жуда ҳам кўп. Президент ва бош вазирларнинг чиқишига эътибор берадиган бўлсангиз, ҳаммаси ўзининг дарди ва аниқ муаммолари билан келган.

Геосиёсий масалада ташкилот ичидаги давлат раҳбарларининг позицияларини ёки коллектив ғарб билан тирашув масаласида учга бўлиш мумкин. Бунда битта фракцияни ўнг фракция деб олиш мумкин, улар ташкилотни блокка айлантириш тарафдори. Беларус, Эрон Ислом Республикаси. Бунда Россия оҳанги ҳам коллектив ғарбга қарши, аммо Путин эҳтиёткор чиқиш қилди. Хитой ҳам деярли бир оёғи билан мана шу столда ўтирибди.

Иккинчи томони бу ташкилотни тўлақонли иқтисодий ва чекланган миқдорда хавфсизлик нуқтаи назаридан кўрадиган давлатлар бор. Қозоғистон, Ўзбекистон, Монголия шулар жумласига киради. Бу давлатлар ташкилотни блокка айлантириш тарафдори эмас. Қозоғистон президенти нутқида ҳам, Ўзбекистон президенти мақоласида ҳам шу нарса айтиладики, ШҲТ бу ҳарбий ёки сиёсий блок эмас. Бу ташкилот ғарбга қарши курашишга қаратилган эмас. Чунки бу ҳамкорлик ташкилоти деган жумлалар ишлатилди.

Ўртада турган давлатлар ҳам бор. Уларнинг позицияси аралаш. Ҳар бир давлат ўзининг манфаатидан келиб чиқиб, ташаббусларни илгари сурди.

Кўрилган масалаларга келсак, булар ичида энг муҳимларидан бири транспорт логистика масаласи бўлди. Яъни Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги темирйўл ишга тушиши керак ва саммит буни тезлаштиришга ҳаракат қиляпти. Худди шундай Ўзбекистондан Афғонистон ва Покистон орқали Форс кўрфазига чиқиш. Афғонистондан делегация келгани йўқ, лекин Покистоннинг бош вазири ўша ерда эди ва у ҳамкорлик тўғрисида гапирди. У сўзида бугун Авғонистонда озиқ-овқат танқислиги мавжудлиги ҳамда Ўзбекистоннинг уларга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистон ҳам бир нечта ташаббусларни илгари сурди. Улардан бири ташкилот доирасида шартли равишда туризм иттифоқини ташкил этишдир. Ташкилотда кейинги йил туризм йили деб ҳам эълон қилинди. Иқтисодий секторда турли форматдаги учрашувлар ва лойиҳалар қилайлик деган ташаббус олдинга сурилди.

Абдулла ака, кейинги савол сизга бўлади. Иқтисодчи сифатида саммитни қанчалик кузатиб бордингиз ва тадбирда илгари сурилган энг муҳим масалалар қайсилар бўлди? Улардан Ўзбекистон учун аҳамиятлиси қайси?

Абдулла Абдуқодиров: –

Аввало Хитой раҳбарининг бу тадбирга келиши расмий доирада экани эълон қилинган эди. Кейин Эрон раҳбариники ҳам расмий ташриф деб эълон қилинди. Айнан шунинг учун бўлса керак, шу икки давлат билан бир нечта шартномалар имзоланди. Айниқса, Эрон давлати билан кўпроқ меморандумлар имзоланди. Бундан ташқари, Хитой билан 15 миллиардлик шартномаларга қўл қўйилди. Бир томондан Хитойнинг расмий ташрифига Ўзбекистон томондан тайёргарлик юқорироқ бўлгани сезилди. Муҳокама қилиниши керак бўлган масалаларнинг аниқлиги ва уларнинг келишилганлиги юқори бўлгани учун шартнома қилиш даражасига эришилган. Бу маблағ кичик сумма эмас. Ўзбекистон учун катта ютуқ. Биринчи масала, боя айтилгани каби темирйўл масаласи бўлди. Буни жуда катта тоғнинг ағдарилишига ўхшатиш мумкин. Бу ерда асосий муаммо Қирғизистонда эди. Сабаби у темирйўлни ўзининг шимолий ҳудудлари орқали ўтказмоқчи ва шу орқали ўша ҳудудларни ривожлантирмоқчи эди. Лекин энди Хитойнинг жуда қисқа йўл – Ўш орқали Ўзбекистонга кириб келиб, сўнгра Афғонистонга чиқиб кетиши лойиҳалаштириляпти.

Афғонистонда бўладиган лойиҳалаштириш ҳам ҳозир бизнинг зиммамизда. Чунки у ёғи тугашини, бу ёғни бошлашни кутиб ўтирмаймиз. Ишлар параллел олиб бориляпти. Ниҳоят шу келишувга эришилди ва уни молиялаштириш йўлларидан биттаси ўйлаб топилди.

Иккинчи муҳим масала, сир эмаски, Хитойга бўлган логистикага эҳтиёжимиз бор. Бу борада ҳам келишувларга эришилди. Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш лойиҳасида аниқ бир тўхтамга келингани йўқ. Бу бизнинг зиммамиздаги лойиҳа ҳисобланади. Чунки бу йўл Мозори Шарифга бўлганидан сўнг ва ундан у ёғига бир йўли Эронга, бир йўли Покистонга кетиши ҳозирги кунда ҳам муҳокама бўлиб турган масала. Айнан шунинг учун ҳам Раисийнинг Ўзбекистонга келиши муҳим эди. Албатта, бу масала ҳам у ерда кўтарилган. Шунинг учун ҳам Эроннинг ШҲТга кириб келиши Ўзбекистон учун муҳим.

Бундан ташқари, минтақавий савдо масалаларига ҳам эътибор берилди. Бу ерда икки нарсага эътибор қаратган бўлар эдим. Йиғилишдан олдин Ўзбекистон президентининг мақоласи эълон қилинди. Унда ШҲТ қандай ташкилот эканлиги, ундан нималар кутиш мумкинлиги ва уни блокларга айлантирмаслик масалаларига урғу берилди ва Самарқанд руҳи деган янги бир термин ишлатилди. Бу тинчликка ва ўзаро ҳамкорликка қаратилган бўлди. Олдиндан мақола эълон қилинишининг ижобий тарафи кўп бўлди. Бизга кун тартибини белгилаб беришмасин биз ўзимиз белгилаймиз қабилида иш бўлди. Бундан жуда ҳам хурсандман. Эътибор берган бўлсангиз, бунга Туркия ва Озарбойжон ҳам келиб қўшилди. Улар ҳам ўзларининг баъзи фикрларини айтиб ўтишди.

Умуман олганда бу ерда ШҲТни ғарбга қарши қаратилган блок деб ўйлашга ҳеч кимга йўл берилмади.

Иккинчи томондан биз бу платформадан фойдаланиб, иқтисодий ривожланишга ҳаракат қиляпмиз. Катта давлатлар билан шартномалар имзолашга эришяпмиз. Эътибор берган бўлсангиз, Россия ва Ўзбекистон савдо айланишининг умумий ҳажми ўсган. Бизнинг экспортмиз нисбатан тезроқ ҳам ўсяпти. Шу ерда кўриниб турибдики, Марказий Осиё давлатлари билан савдо алоқаларини йўлга қўйиш жуда ҳам преоритет масала.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали кўришингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид