У минерални Ерга олиб келган космик кеманинг шарафига чанъэзит-(Y) деб номланди. «Чанъэ-5» космик аппарати эса Хитой ой маъбудаси шарафига номланган.
Олимлар янги минерални «Чанъэ-5» томонидан 2020 йил охирида Ойдаги Бўронлар океанидан Ерга етказилган тупроқ намунасидан топишган. BRIUG 1,7 кг вазнга эга ушбу реголитдан тадқиқот учун жуда оз қисмини – атиги бир неча ўн миллиграммини олишга эришган.
Тадқиқот гуруҳи аъзолари икки ой давомида 50 миллиграммлик намунадан топилган 140 мингта микроскопик заррачаларни саралаб, кўздан кечиришди.
Тадқиқотчилар томонидан топилган минерал 10х7х4 микрометр ўлчамли кристаллдир (яъни унинг ўлчами миллиметрнинг юздан бир қисмига тенг).
Кичик бўлишига қарамай, олимлар кристаллнинг атом таркибини аниқлашган ва янги турдаги минераллар вакили бўлиши мумкинлигини исботлаган. «Синҳуа» хабарида кристаллнинг электрон микроскоп ёрдамида олинган фотосурати келтирилган.

Янги минерал кашфиёти ҳали тасдиқланмади
1970-йиллар ўрталарида Американинг Apollo ва советлар иттифоқининг «Луна» дастури доирасида Ерга келтирилган Ой тупроғи намуналарининг кўп йиллик тадқиқотлардан сўнг, олимлар 90 га яқин минералларни аниқлаган эди. Бироқ, уларнинг кўпчилигини идентификация қилиш жараёнида аллақачон Ерда ҳам бор экани маълум бўлган. Шу сабабли уларни «фақат Ойга тегишли» деб аташ мумкин эмас.
Дастлаб, фақат учта истисно мавжуд эди: пироксферроит силикати ва транквилитиит (Осойишталик денгизи номи билан аталган), шунингдек, армолколит (космонавтлар Нил Армстронг, Базз Олдрин ва Майкл Коллинз исмининг биринчи ҳарфлари билан аталган оксид). Бироқ, вақт ўтиши билан, «фақат Ойга тегишли» деб ҳисобланган бу минераллар Ерда ҳам бор экани аниқланди, улардан энг охиргиси 2012 йилда топилган транквилитиит эди.
«Синҳуа» агентлигининг хабар беришича, чанъэзит минерали аллақачон Халқаро минералогия ассоциацияси томонидан рўйхатга олинган ва Номенклатура ва таснифлаш комиссияси томонидан янги минераллар рўйхатига киритилган.
Бироқ, таснифнинг 14 сентябр куни эълон қилинган янги рўйхатида ушбу минерал ҳақида маълумот йўқ. Шунингдек, турли илмий нашрлар базаларида, жумладан, минералларнинг энг йирик mindat.org базасида ҳам янги минерал ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шунга кўра, минералнинг кимёвий ва изотопик таркиби, кристалл панжараси ва бошқа минералогик кўрсаткичлари ҳақида қўшимча маълумотлар ҳали мавжуд эмас.








