Жаҳон | 22:19 / 19.09.2022
20531
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва “Толибон” ўзаро маҳбус алмашди 

Толиблар 2020 йилдан буён гаровда ушлаб турилган америкалик муҳандис Марк Фрериксни озодликка чиқарди. Фрерикс 2005 йилдан буён АҚШда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган афғон қабилаларидан бирининг етакчиси ва толиблар иттифоқчиси Башир Нурзайга алмаштирилди.  

Марк Фрерикс ва Башир Нурзай / Фото: Getty Images

Алмашув Кобул аэропортида амалга оширилди ва бу ҳақда толиблар раҳбарияти хабар қилди, деб ёзади BBC. АҚШ ҳукумати ёки Фрерикснинг оиласи бу ҳақда ҳозирча баёнот бермади. Аммо муҳандисни озод қилиш президент Жо Байденнинг сайловолди ваъдаларидан бири эди. 

"Бугун Кобул аэропортида Марк Фрерикс Америкага, Ҳожи Башир эса бизга топширилди", - деди ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий.

Илгари ҳарбий денгизчи бўлган Фрерикс 2020 йилда ўғирлаб кетилганди. У бу вақтда Кобулда қурувчи-муҳандис сифатида ишлаб келаётганига 10 йилдан ошганди.  

Толиблар қўлида америкаликнинг гаровда ушлаб турилиши Вашингтон ва толиблар ҳукумати билан муносабат ўрнатиш йўлида жиддий тўсиқ бўлиб турганди.  

"Бошланишига толиблар зудлик билан Маркни озод қилишлари керак. Кейин уларнинг қонунийлик борасидаги даъволарини кўриб чиқиш ҳақида гапириш мумкин бўлади", - деганди Байден январда. 

Афғонистон пойтахтида Башир Нурзай қаҳрамонлардек қарши олинди: толиблар уни гулчамбарлар билан кутиб олди.  

"Менинг ва америкаликнинг озод қилиниши икки мамлакатга тинчлик келтиради", - деди у.

Нурзай шахсига эътиборнинг юқорилиги унинг “Толибон” асосчиси Мулла Умарнинг иттифоқчиси ва дўсти бўлгани ҳамда 1900-йилларда толибларнинг биринчи ҳукуматини молиялаштиришда ёрдам бергани билан изоҳланади.

Толиблар ҳукумати матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳиднинг сўзларига кўра, Нурзай ҳеч қандай расмий лавозимни эгалламаган бўлса-да, "толибларга жумладан қурол билан сезиларли ёрдам берган".

Нурзай АҚШда героин контрабандасида айбланиб 17 йил маҳбусликда сақланди. Прокурорларнинг сўзларига кўра, у Қандаҳор вилоятида афюн ишлаб чиқариш бўйича йирик операцияга раҳбарлик қилган.

У ҳибсга олинган 2005 йилда дунёнинг асосий наркодилерларидан бири ҳисобланган ва Афғонистон гиёҳвандлик моддалари экспортининг ярмидан ортиғини назорат қилган. 2008 йилда Нью-Йорк суди уни АҚШга 50 млн долларлик героин олиб киришга урингани учун бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилган. 

Мавзуга оид