Жаҳон | 09:46 / 19.09.2022
15085
3 дақиқада ўқилади

Туркиянинг ШҲТга аъзо бўлиш режалари Германия томонидан танқид қилинди

Бундестагдаги «яшиллар» фракциясининг ташқи сиёсат бўйича спикери Юрген Триттинга кўра, «НАТО аъзоси Туркия Россиянинг Европа санкцияларини четлаб ўтиши учун Хитойдан кўра кўпроқ ҳаракат қилмоқда».

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 17 сентябр куни Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити якунида Туркия ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиш ниятда экани ҳақидаги баёноти оқибатларсиз қолмаслиги керак, деди бундестагдаги «Иттифоқ 90/«яшиллар» партиясининг ташқи ишлар бўйича спикери Юрген Триттин. «Маълум бир давлатни НАТОдан чиқариб юборишнинг иложи йўқлиги сабабли, иқтисодий характердаги мажбурлов чоралари ҳақида ўйлаш керак», деди немис сиёсатчиси 19 сентябр, душанба куни чоп этилган WELT газетасига берган интервьюсида. 

«НАТО ва Европа иттифоқи Эрдўғанга яна қанча вақт бундай баёнотлар билан чиқишига имкон бериши борасида ўзига савол билан юзланиши керак», деди у. 

Шу билан бирга, Анқаранинг ШҲТ доирасида Россия ва Хитой билан чуқур ҳамкорлик қилиш режаларини Триттин қабул қилиб бўлмайдиган нуқталар сифатида кўрмоқда. Унинг фикрича, «Туркия НАТОнинг Ливияга қурол эмбаргосига риоя этилишини назорат қилишига тўсқинлик қилаётгани», шунингдек, «Греция иқтисодий зонасида нефт қудуқлари бурғиланиши» фактлари ҳам бор. 

«НАТО аъзоси Туркия Россиянинг Европа санкцияларини четлаб ўтиши учун Хитойга қараганда кўпроқ ҳаракат қилмоқда. Эрдўған Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш жараёнини секинлаштирмоқда. Энди эса Эрон билан биргаликда ШҲТга аъзо бўлмоқчи, Эрон 2022 йил 15 сентябрда ШҲТга аъзо бўлиш тўғрисида меморандум имзолади», деди «яшиллар» сиёсатчиси. Унинг фикрича, буларнинг барчасига «Туркияга нисбатан кучли сиёсат» жавоб бўлиши керак. 

«Яшиллар» ва СвДП билан бир қаторда Германиядаги ҳукмрон коалициянинг бир қисми бўлган Германия Социал-демократик партиясининг (ГСДП) ташқи сиёсат бўйича вакили Нилс Шмид ҳам Эрдўғаннинг Туркияни ШҲТга аъзо қилиш ниятини танқид остига олди: «Ташқи сиёсат нуқтайи назаридан, бу Ғарб ва унинг қадриятларидан узоқлашишнинг рамзий қадами бўлади - Туркия келажаги учун жиддий сиёсий хато».

Айни пайтда Туркия ШҲТ билан «мулоқот бўйича ҳамкор» мақомига эга. Ушбу ташкилотга Россия ва Хитойдан ташқари Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Эрон киради. 

Мавзуга оид