09:04 / 20.09.2022
6001

Швейцария АҚШ билан F-35A сотиб олиш бўйича шартнома тузди

Швейцария ҳукумати тегишли масала бўйича референдум ўтказмасдан АҚШдан жанговар самолётлар сотиб олиш бўйича миллиард долларлик шартнома имзолади. 

Фото: aviacionline

Швейцария АҚШ ҳукумати билан 36 та Lockheed Martin F-35A қирувчи самолётларини харид қилиш бўйича шартнома имзолади. Мудофаа, жамоат ҳимояси ва спорт вазирлигининг 19 сентябр, душанба куни эълон қилинган баёнотига кўра, ушбу жанговар самолётлар F/A-18 Hornets ва F-5 Tigers қирувчиларининг ҳозирги паркини алмаштириши керак. 

Швейцарияга қирувчи самолётларни етказиб бериш 2027 йилдан 2030 йилгача амалга оширилиши керак. Шартнома суммаси 6,035 миллиард Швейцария франки (конвертация қилинса: 6,2 миллиард евро)ни ташкил этади ва шунинг учун швейцариялик сайловчилар томонидан тасдиқланган маблағнинг максимал миқдори доирасида турибди, дейилади пресс-релизда. 

Швейцарияда 2020 йил сентябр ойида мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари паркини модернизация қилиш учун маблағ ажратиш бўйича умумий масалага оид референдум бўлиб ўтди. Миллий кенгаш - Швейцария федерал парламентининг катта палатаси 16 сентябр куни Американинг F-35A машиналарини сотиб олиш бўйича келишув имзоланишини маъқуллади. 

Айни пайтда, АҚШ расмийлари ўтган йилнинг октябр ойида Швейцарияга қирувчи самолётлар етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган эди.

Жанговар самолётларни сотиб олиш 2023 йилги мунтазам ҳарбий бюджетдан молиялаштирилади, ҳаво кучларини қайта жиҳозлаш бўйича бутун дастур 9,552 миллиард франкни ташкил этади, унинг учдан икки қисми Американинг Lockheed Martin концерни томонидан ишлаб чиқарилган F-35 самолётлари учун мўлжалланган. Бу ҳақда Швейцариянинг Swissinfo интернет нашри хабар бермоқда.

2022 йил июн ойида Украинадаги уруш фонида Швейцария парламентининг кичик палатаси, Кантонлар кенгаши Швейцария қуролли кучлари бюджетини 300 миллион франкка оширишни маъқуллади. 

Айни пайтда, Американинг F-35A қирувчи самолётларини сотиб олиш бўйича келишув Швейцарияда сиёсий жиҳатдан зиддиятли ҳисобланади. F-35A сотиб олиш учун бюджет маблағларини сарфлаш зарурати, хусусан, социал-демократлар, «яшиллар» ва «Армиясиз Швейцария учун гуруҳ» (GSOA) аъзолари томонидан шубҳа остига олинган.

Улар келишувга қарши Stop F-35 халқ қонунчилик ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Бироқ, швейцариялик сайловчилар референдумни ўтказиш учун етарли овозлар тўпланганига қарамай, бу масала бўйича ўз фикрини билдириш имконига эга бўлмади. 

F-35A самолётларини сотиб олишга қарши бўлганларнинг таъкидлашича, мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари паркини янгилаш учун 6 миллиард Швейцария франки ажратиш тўғрисидаги қарор атиги 50,1 фоиз овоз билан қабул қилинган. Шу билан бирга, гап F-35 қирувчи самолётларини сотиб олиш ҳақида кетмаган.

Stop F-35 ташаббуси тарафдорлари ҳам ушбу самолётлар НАТО учун махсус ишлаб чиқилган ва нейтрал Швейцария учун мос эмас деб ҳисоблайди.

Ўз навбатида, Швейцария ҳукумати ташаббус бўйича референдум ўтказиш учун етарлича вақт йўқлигини кўрсатмоқда, чунки акс ҳолда ушбу самолётлар учун амалдаги вариант муддати тугаши муносабати билан мамлакат ҳарбий-ҳаво кучларини модернизация қилиш режаси тўхтатилган бўлар эди.

Top