Жаҳон | 20:20
1042
2 дақиқада ўқилади

Швейцарияда мамлакат аҳолиси сонини чеклаш тўғрисида референдум бўлиб ўтди

Швейцария фуқаролари мамлакат аҳолиси сонини 2050 йилгача 10 млн нафардан оширмаслик тўғрисидаги таклифни рад этди. 2025 йил ҳолатига кўра, мамлакат аҳолиси сони 9,1 млн нафарни ташкил этган.

Фото: REUTERS

Швейцария фуқаролари референдумда мамлакатнинг доимий аҳолиси сонини 10 млн нафардан оширмаслик ҳақидаги таклифни қабул қилмади. Bloomberg маълумотларига кўра, овоз берганларнинг 55 фоизи ушбу ташаббусга қарши чиққан.

«10 млн аҳолили Швейцарияга қарши / Барқарор ривожланиш ташаббуси» ғоясини мамлакатнинг энг йирик ўнг консерватив партияси — Швейцария халқ партияси илгари сурганди.

Таклифда мамлакат аҳолиси 2050 йилгача 10 млн кишидан ошмаслиги кўзда тутилган, агар бу кўрсаткич икки йил ичида ошса, Швейцария 2002 йилдан буён амал қилиб келаётган Европа Иттифоқи билан эркин ҳаракатланиш тўғрисидаги келишувни бекор қилиши лозим эди. Ушбу келишув Швейцария ва ЕИ давлатлари фуқароларига белгиланган қоидалар асосида бир-бирининг ҳудудида яшаш ва ишлаш ҳуқуқини беради. Шу билан бирга, Швейцария Европа Иттифоқи ёки Европа иқтисодий ҳудуди таркибига кирмайди ва Брюссел билан муносабатларни икки томонлама асосда олиб боради.

Ўтган йил охирида Швейцария аҳолиси 9,1 млн нафарни ташкил этган. 2024 йил ҳолатига кўра, мамлакатда тахминан 89 минг нафар мигрант қочқин ёки бошпана сўровчиси мақомига эга бўлган.

Швейцария Федерал статистика бошқармасининг ўтган йилги прогнозига кўра, мамлакат аҳолиси миграция ҳисобига ўсишда давом этади ва 2055 йилга бориб тахминан 10,5 миллион кишига етади. Шу билан бирга, туғилиш даражаси паст бўлиб, табиий ўсиш деярли нолга тенг.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид