Жаҳон | 23:43 / 20.09.2022
13063
3 дақиқада ўқилади

Сохта "референдум"лар қонуний тусга эга эмас" – Ғарб етакчилари Украина шарқида ўтказилиши режалаштирилган референдумлар ҳақида

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг сўзларига кўра, овоз бериш натижалари сохталаштирилади.  

Фото: REUTERS/Maxim Zmeyev

Донецк ва Луҳанск, шунингдек, Украинанинг Херсон ва Запорижжя областларининг босиб олинган қисмларида Россия томонидан тайинланган маъмуриятлар 23-27 сентябр кунлари Россия таркибига кириш бўйича “референдум”лар ўтказишга қарор қилди.

Бу Ғарб давлатлари етакчиларининг кескин танқидига учради.

Украинанинг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш тўғрисида ўтказиладиган "референдум"лар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмайди, деди Франция президенти Эмманюэл Макрон.

Макроннинг қайд этишича, Украина шарқида "референдум"лар ўтказиш таклифи Россиянинг қўшни давлат ҳудудига бостириб кирганидан кейинги яна бир провокациясидир.

"Россия эълон қилган бу нарса пародия деб ўйлайман, - деди Макрон. – Бу цинизм ва халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмайди".

Вашингтон Москванинг "референдум"лар ўтказиш режасини кескин танқид қилди.

"Қўшма Штатлар Россиянинг Украинанинг ҳар қандай босиб олинган қисмларига нисбатан даъволарини ҳеч қачон тан олмайди. Биз бу ҳудудларни Украинадан бошқаларнинг қисми деб тан олмаймиз. Биз Россиянинг ҳаракатларини қабул қилмаймиз", - деди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан. 

У режалаштирилган "референдум"ларни "халқаро тизимга асосланган суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларининг таҳқирланиши" деб атади. Салливаннинг сўзларига кўра, овоз бериш натижалари сохталаштирилади.  

"Сохта “референдум”лар қонуний тусга эга эмас ва Россиянинг Украинага қарши тажовузкор уруши кўринишини ўзгартирмайди. Бу Путин урушининг янада авж олиши. Халқаро ҳамжамият халқаро ҳуқуқнинг бу тарзда бузилишини қоралаши ва Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириши керак", - деди алянс бош котиби Йенс Столтенберг. 

Германия Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги "референдум"лар натижаларини тан олмайди, деди ГФР канцлери Олаф Шолц.

Унинг сўзларига кўра, "бу сохта "референдум"лар номақбуллиги аниқ", уларнинг ўтказилиш шартлари эса халқаро ҳуқуқ ва шартномаларга мос келмайди.

Сохта "референдум"лар ҳам, гибрид "сафарбарлик" ҳам Россиянинг ҳолатини ўзгартира олмайди, деб ёзди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Twitter саҳифасида. Унинг таъкидлашича, Россия "Украина ерларининг бир қисмини ноқонуний эгаллаб олган давлат бўлиб қолаверади", Украина эса келгусида "Россиядагилар нима дейишмасин, босиб олинган ҳудудларини озод қилади".

Мавзуга оид