Жаҳон | 10:40
1016
2 дақиқада ўқилади

ЕИ ва Кремл ўртасида норасмий алоқалар бўлгани хабар қилинди

Европа Иттифоқи Россияни Украинадаги урушни тугатиш бўйича эҳтимолий музокараларга жалб этиш мақсадида Кремл билан норасмий алоқалар ўрнатган. Bloomberg агентлигининг хабар беришича, Европа кенгаши раиси Антониу Коштага яқин вакиллар ҳамда Россия раҳбариятига яқин мансабдорлар ўртасида бир неча бор мулоқотлар бўлиб ўтган.

Фото: REUTERS

Bloomberg манбаларининг маълум қилишича, Европа кенгаши раиси Антониу Коштанинг маслаҳатчиси Кремлдаги юқори лавозимли расмийлардан бири билан икки марта телефон орқали суҳбатлашган. Ушбу мулоқотлар келажакда Россия билан мазмунли музокаралар ўтказиш учун замин яратиш мақсадида ташкил этилгани айтилмоқда.

Бироқ агентлик мазкур суҳбатлар қачон бўлиб ўтгани ва уларда айнан қайси шахслар иштирок этганига аниқлик киритмаган.

Хабарда қайд этилишича, Европа Иттифоқи раҳбарияти Россия билан эҳтимолий музокараларга тайёргарлик кўришни бир неча ой олдин бошлаган. Хусусан, май ойи бошида Антониу Кошта Европа Иттифоқи давлатлари етакчилари билан Россия билан мулоқот учун қандай формат ва қандай масалалар муҳокама қилиниши лозимлигини муҳокама қилаётганини билдирган эди.

Ўшанда у Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказиш имконияти мавжудлигини ҳам таъкидлаган.

Bloomberg маълумотларига кўра, Россияни тинчлик музокаралари жараёнига жалб қилиш стратегияси Европа иқтисодиётининг учта йирик маркази — Германия, Франция ва Буюк Британия томонидан ҳам муҳокама қилинмоқда. Нашрнинг ёзишича, бу жараён Украина президенти Володимир Зеленский билан келишилган ҳолда олиб борилмоқда.

Европа давлатлари вакиллари фикрича, фронтда Россия армияси олдида турган қийинчиликлар, Украина томонидан Россия ҳудудларига уюштирилаётган зарбаларнинг кучайиши ҳамда иқтисодий босимнинг ортиши Москвани музокаралар столига ўтиришга ундаши мумкин.

Айни пайтда на Европа кенгаши раиси матбуот хизмати, на Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Bloomberg'нинг бу борадаги сўровларига расмий изоҳ берган.

Экспертлар таъкидлашича, агар мазкур мулоқотлар ҳақиқатдан ҳам амалга оширилган бўлса, бу Европа Иттифоқининг Украинадаги можарони дипломатик йўл билан ҳал этиш бўйича янги саъй-ҳаракатлари сифатида баҳоланиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид