Ўзбекистон | 10:52 / 21.09.2022
6943
1 дақиқада ўқилади

Венгрия Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида қўшма лойиҳани амалга оширади

Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси (қароргоҳи Венада) Абат Файзуллаев Будапешт шаҳрида «Медитоп» компанияси бошқарувчи директорлари Золтан Ач ва Давид Грешковиц билан музокаралар ўтказди.

Фото: Depositphotos

Музокараларда Венгрия компанияси билан Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон ҳукумати хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаётгани, инвесторлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити ва шароитлар, юқори билим ва кўникмага эга бўлган ёшлар «Медитоп» компаниясини Ўзбекистон бозорига кириши учун туртки бўлди», деди Золтан Ач.

Компания бошқарувчи директори Давид Грешковиц Ўзбекистонда амалга оширилиши кўзда тутилган инвестиция лойиҳасини - рўйхатга олинган дори воситаларини маҳаллийлаштириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирар экан, бу соҳада муайян тажрибага эга бўлган маҳаллий ҳамкор топиш юзасидан амалий кўмак сўради.

Музокаралар давомида «Медитоп» компанияси билан ҳамкорликда фармацевтика йўналишида кадрлар тайёрлаш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи компаниялар ходимлари учун Венгрияда малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид