Жаҳон | 08:31 / 22.09.2022
5101
3 дақиқада ўқилади

Прокуратура Трамп ва унинг оиласини фирибгарликда айбламоқда

АҚШнинг собиқ президенти, шунингдек, унинг уч фарзанди ва компанияси кўп йиллик молиявий фирибгарликда айбланмоқда. Доналд Трамп бу айбловларни рад этди.

Фото: Reuters

Нью-Йорк штати бош прокурори Летиция Жеймс АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп, шунингдек, унинг уч фарзанди кичик Доналд Трамп, Эрик ва Иванка Трампга қарши 220 саҳифалик даъво киритди, бундан ташқари, ариза Трамп компаниясига ҳам тегишли. Бу ҳақда 21 сентябр, чоршанба куни кечқурун маълум бўлди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 76 ёшли сиёсатчи, унинг қариндошлари ва бизнес ташкилоти кўп йиллик молиявий фирибгарликда, шу жумладан компания капиталлашуви тўғрисида нотўғри маълумотларни тақдим этишда айбланмоқда, бу эса эҳтиёжга қараб имтиёзли шартларда кредит олиш ёки камроқ солиқ тўлашга ёрдам берган.

Прокуратура маълумотларига кўра, бундай кредитлар Трамп ташкилоти ва Германиянинг йирик Deutsche Bank молия институти томонидан берилган. Шунингдек, прокуратура Трамп оиласидан 250 миллион доллар товон тўлашни талаб қилмоқда.

Нью-Йорк штати бош прокурорига кўра, Доналд Трамп ва бошқа айбланувчилар ўн йил ичида 200 дан ортиқ марта ўз активларини ёлғон баҳолаган. Трампнинг корпоратив империясига оид тергов уч йил давом этди, унинг давомида 65 гувоҳ сўроқ қилинди ва «миллионлаб ҳужжатлар» текширилди.

«Доналд Трамп ўзини ноҳақ бойитиш ва тизимни, демак, барчамизни алдаш учун ўз бойлигини миллиардлаб долларга кўпайтириб юборди», деди Летиция Жеймс.

«Барчамизга маълумки, бугунги айблов далилларга ёки қонунларга ҳеч қандай алоқаси йўқ», дейилади The Trump Organization баёнотида, The New York Times ундан иқтибос келтирган. Айбланувчи томоннинг сўзларига кўра, «гап сиёсат ҳақида кетмоқда».

Трамп нуқтайи назаридан у сиёсий таъқиб ва «жодугарлар ови» қурбони. Собиқ президентнинг таъкидлашича, уни айблаётган прокурор - рақиб Демократик партия аъзоси.

Август ойида Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Доналд Трампнинг Флоридадаги уйида тинтув ўтказди. Агентлар Трамп Оқ уйдан олган бўлиши мумкин бўлган махфий ҳужжатларни қидирган, кейинроқ The Washington Post газетаси тинтув натижасида хорижий давлатлардан бирининг мудофаа стратегияси ва ядровий салоҳиятини тавсифловчи ҳужжат аниқлангани ҳақида хабар берди.

Бундан ташқари, июль ойида АҚШ Конгрессининг Капитолийга ҳужумни текшираётган комиссияси собиқ президентга қарши айбловлар қўйилган эшитувларни ўтказди, бироқ бу Трампни судга тортиш учун етарли бўлмаслиги мумкин.

Мавзуга оид