Ўзбекистон | 18:06
1036
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни туғилган куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев АҚШ президентини Ўзбекистонга илк тарихий ташриф билан келишга таклиф этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Доналд Трампга 80 ёшга тўлгани муносабати билан табрик йўллади.

“Сизни бой тажрибага эга, ўз халқининг ҳурмат ва эҳтиромига сазовор бўлган атоқли давлат арбоби сифатида яхши биламиз. Сизнинг қатъий сиёсий етакчилигингиз ва мустаҳкам иродангиз туфайли Америка Қўшма Штатларининг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва қудрати тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим”, – дейилади мактубда.

Мактубда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг бугунги суръатига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро ҳурмат, ишонч ва муштарак манфаатларга асосланган алоқалар сўнгги йилларда изчил ривожланиб, сифат ва мазмун жиҳатидан янада бойиб бораётгани қайд этилди.

“Бугун Ўзбекистон – АҚШ алоқалари ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам ва амалий руҳ касб этаётгани ҳам айни ҳақиқатдир”, - дейилади мактубда.

Ўзбекистон раҳбари очиқ ва конструктив ҳамкорликка интилаётган мамлакат сифатида Ўзбекистон АҚШ билан кўп қиррали ва стратегик шерикликка асосланган алоқаларни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини билдирди. Жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида аҳамият қаратилаётгани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев Доналд Трампнинг тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларини юксак қадрлашини таъкидлади. Турли халқаро ва минтақавий платформалар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик бундан кейин ҳам ривожланиб, янги амалий натижалар билан бойиб боришига ишонч билдирилди.

Стратегик шерикликнинг истиқболли йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида Шавкат Мирзиёев америкалик ҳамкасбини Ўзбекистонга илк тарихий ташриф билан келишга таклиф этди.

Якунда Ўзбекистон раҳбари Доналд Трампга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, дўст Америка халқига эса тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид