
Давлат ахборот агентлиги хабарида КХДР Мудофаа вазирлигининг номи ошкор этилмаган вакили Қўшма Штатларни «тентакларча баёнот» берганликда айблади ва Вашингтонни «оғзини юмиш»га чақирди.
«Сўнгги пайтларда АҚШ ва бошқа душман кучлар КХДР ва Россия ўртасида «қурол битимлари тузилгани ҳақидаги миш-мишлар»ни тарқатиш орқали «БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясининг бузилиши» ҳақида гапирмоқда... Биз Россияга илгари ҳеч қачон қурол ёки ўқ-дори экспорт қилмаганмиз ва экспорт қилишни режалаштирмаяпмиз», дея КХДР Мудофаа вазирлиги Бош штабининг исми ошкор этилмаган расмийси сўзларини келтирди Корея марказий ахборот агентлиги.
Сентябр ойи бошида президент Жо Байден маъмурияти КХДР томонидан Россияга қурол сотиш жараёни бошлангани ҳақидаги АҚШ разведкаси маълумотларини ошкор қилди ва бу Пхеньянга қурол импорт қилиш ёки экспорт қилишни тақиқловчи БМТ Хавфсизлик Кенгаши санкциялари бузилиши эканини айтди.
АҚШ Давлат департаменти вакили Ведант Пателнинг сўзларига кўра, Россия «Украинада фойдаланиш учун Шимолий Кореядан миллионлаб ракета ва артиллерия снарядларини харид қилиш жараёнида».
Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирбининг сўзларига кўра, харидлар «миллионлаб ўқ-дорилар, ракеталар ва артиллерия снарядлари»ни ўз ичига олиши мумкин. Бироқ, у АҚШ разведкаси махфий маълумотларига таянган ҳолда, харидлар ҳали якунланмагани ва сотиб олинган ўқ-дорилар Украинада қўлланаётгани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай далиллар йўқлигини таъкидлаган.
Сеулдаги Иҳва университети профессори Лейф-Эрик Исли КХДР ҳукуматининг қурол сотилаётгани инкор қилинган баёнотига эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак деб ҳисоблаяпти.
«Шимолий Корея қурол-яроғ савдосини яширишни маъқул кўради, чунки бундай келишувлар ортидан янги санкциялар қўлланиши мумкин. Шунингдек, одатда Пхеньян мижозлари бошқа ноқонуний ҳаракатларга ҳам аралашган бўлади. Шимолий Корея режими худди Путин Россияси каби, АҚШ разведкаси ва халқаро танқидга қарама-қарши аргументларни тарқатишга ҳаракат қилади», дейди у.
NYT суриштируви: Россия Шимолий Кореядан миллионлаб снаряд ва ракета сотиб олмоқда
Икки давлат дўстлиги абадийми?
Мутахассислар фикрича, Шимолий Корея назарий жиҳатдан рус артиллерияси ва ўқотар қуролларига ўқ-дори етказиб берувчи асосий манбага айланиши мумкин, чунки ҳар икки давлат мудофаа тизимлари совет давридаги лойиҳалар асосида қурилган.















