Жаҳон | 08:03 / 23.09.2022
8162
2 дақиқада ўқилади

Россия Олий суди иқлим сиёсатига қарши даъвони рад этди

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва атроф-муҳит фаоллари томонидан тайёрланган даъвода Россиянинг иқлим стратегияси Париж келишувларига зид эканлиги ва россияликларнинг асосий ҳуқуқларини поймол этиши қайд этилган.

Фото: Picture Alliance

Россия Федерацияси Олий суди бир гуруҳ атроф-муҳит фаоллари томонидан Россия ҳукуматининг иқлим сиёсатига қарши тайёрланган даъвони рад этди. Тегишли маълумотлар 22 сентябр, пайшанба куни суд сайтида пайдо бўлди.

13 сентябр куни Москва Ҳелсинки гуруҳи, «Экозащита!-Женсовет» ҳаракати, шунингдек, 18 нафар Россия фуқароси қўшма даъво билан чиқди. Даъвогарлар Россия президентининг «Парник газлар ташламаларини камайтириш тўғрисида»ги фармонига ва 2050 йилгача парник газлар ташламалари кам бўлган Россия ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясига қарши чиқишни мақсад қилган. Баёнотда таъкидланганидек, Россия иқлим стратегияси камида 2030 йилгача парник газлар ташламаларини кўпайтиришни назарда тутади, Париж келишувига кўра эса, Россия буни камайтириши керак. Шу билан бирга, парник газларнинг кўпайиши россияликлар асосий ҳуқуқларини, жумладан, яшаш ҳуқуқи ва соғлиқни сақлаш ҳуқуқини бузади, дейилади даъво аризасида.

Даъвогарлар вакили Григорий Вайпаннинг Кедр.медиа'га айтишича, рад жавоби берилган тақдирда фаоллар Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига (ИҲЕС) мурожаат қилиш ниятида. Даъво аризаси 13 сентябрда берилгани сабабли, яъни Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясига аъзо бўлишни тўхтатганидан уч кун олдин - Россия суди томонидан рад этилган тақдирда, ИҲЕС даъвони кўриб чиқиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид