Ўзбекистон | 19:07 / 23.09.2022
10057
2 дақиқада ўқилади

Япониядаги халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон ўз стенди билан қатнашмоқда

Стенд очилишида сўзга чиққан бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ва Япония туризм бўйича катта потенциалга эга эканини таъкидлаб, Ўзбекистонда бу соҳадаги тадбиркорларга кўплаб имтиёзлар берилаётганини айтди ва Япониядаги туристик бизнесни фаол ҳамкорликка чақирди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати

22 июн куни Токиодаги Халқаро кўргазмалар марказида “Tourism Expo Japan” кўргазмаси бошланди. Бу – дунё сайёҳлик саноатидаги энг йирик анжуманлардан бири бўлиб, аввалги йиллардаги кўргазмалар саноқли кунлар ичида 200 мингга яқин ташриф буюрувчини қамраб олган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, анжуманда Марказий Осиё давлатлари, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклиф қилган “Бир тур – бутун минтақа” тамойилига мос равишда, ягона стендда иштирок этмоқда.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати

Стенд очилишида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди. У ўз сўзида туризм президент Шавкат Мирзиёев томонидан миллий иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бири деб белгиланганини қайд этди; туризм бизнесида фаолият юритаётган японияликларни Ўзбекистон ҳамкорлар билан фаолроқ ишлашга чақирди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати

“Соҳадаги ислоҳотлар натижасида виза режими соддалаштирилди, электрон виза жорий этилди, туризм бизнеси вакилларига қатор имтиёзлар берилди. Барча ҳудудларда янгидан янги туристик объектлар барпо этилмоқда.

Ўзбекистон ва Япония туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга. Японияликларнинг Ўзбекистонга саёҳати тарихи узоқ асрларга бориб тақалади: бу мамлакатнинг савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалари Буюк ипак йўли орқали ривожланган”, – деди Абдуҳакимов.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати

Кўргазмада ўзбекистонлик туроператорлар ҳам иштирок этиб, япониялик ва бошқа мамлакатлардан келган ҳамкасблари билан B2B шаклда учрашувлар ўтказмоқда.

Ўзбекистон стенди очилишида Япония туризм агентлиги раиси Коичи Вада ҳам иштирок этди.
Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид