Спорт | 12:13 / 26.09.2022
15866
8 дақиқада ўқилади

Месси ва «Барселона»нинг ажралиши: Лео клубдан нималарни талаб қилгани ҳақида

«Барселона» ва Лионел Месси ўртасидаги алоқалар узилганига 1,5 йилдан ошди, аммо ҳиссиётлар ҳамон сўнмаяпти. Испаниянинг El Mundo нашри аргентиналик футболчининг кетиши билан боғлиқ бир қанча тафсилотларни ошкор қилди. «Барселона» бундан қаттиқ ранжиди.

Фото: Getty Images

2021 йилда Лионел Месси эркин агент мақомида «Барселона»ни тарк этди. Клуб раҳбарияти Ла Лига томонидан ўрнатилган молиявий чекловлар туфайли у билан янги шартнома имзолаш имконсиз экани ҳақида баёнот берди. Кейинчалик, аргентиналик футболчи «Барселона»да қолиш учун маошининг 50 фоизга қисқартирилишига ҳам тайёр бўлганини айтди.

Яқинда El Mundo нашри Мессининг «Барселона»дан кетиши билан боғлиқ бир неча маълумотларни ошкор қилди.

• Лео 2023 йилгача мўлжалланган шартнома ва уни имзолаши учун 10 миллион евро бонус олишни хоҳлаган. Бонус унинг акаси Родриго Мессига тўланиши керак эди. Шунингдек, Лео ўзининг клубдаги ички муаммоларини ҳал қилиш учун масъул бўлган ходим Пепе Коста билан шартноманинг узайтирилишини талаб қилган.

• Месси пандемия сабабли кечиктирилган маошини 3 фоиз устама билан қайтарилишини истаган. Diario Sport хабарига кўра, 2020 йилги қарз тахминан 52 миллион еврога тенг.

• Лео шартномадаги товон пули 10 минг евро қилиб белгиланишини хоҳлаган. Бу унга исталган пайтда клубни тарк этиш имконини берган бўларди. Шу билан бирга, агар ҳукумат солиқларни оширса, футболчи ўзининг «тоза» маошини сақлаб қолинишини талаб қилган – клуб солиқларни тўлашни ўз зиммасига олиши керак эди.

• Яна бир нечта майда нарсалар: Лео ўзининг ва Луис Суареснинг оиласи учун «Камп Ноу»да шахсий ложа ажратилишини, шунингдек, янги йил арафасида шахсий самолёт билан таъминланишини сўраган.

El Mundo нашрига кўра, клубнинг аввалги президенти Хосеп Бартомеу футболчининг барча талабларига рози бўлган, фақат товон пулини 700 миллиондан 10 мингга туширилишини истамаган. Шунингдек, 10 миллион евро миқдоридаги бонусни кейинги йилларга қолдиришни сўраган. Лео рад этган ва шу билан музокаралар тўхтаб қолган.

Жоан Лапорта президент бўлгач, музокаралар давом эттирилган ва томонлар бошқа шартлар билан келишувга эришган. Аммо шартнома Ла Лига томонидан қабул қилинмаган.

«Барса» бунга муносабат билдирди

Муҳим жиҳат: El Mundo Испаниядаги энг ишончли манба эмас, лекин Месси ҳақидаги маълумотларини ҳужжатлар билан мустаҳкамламоқда. Масалан, газета футболчининг Каталония клубидаги фаолиятида қандай бонусларни олгани ҳақидаги маълумотларни ҳам тарқатди.

Масалан, 2003/04 мавсуми учун 45 977 евро миқдоридаги қатъий белгиланган бонус + ҳар бир ўйин учун 1 503 евро.

Қолган йиллар учун:

– 2004/05: 64 368 + 1 653

– 2005/06: 82 759 + 1 803

– 2006/07: 96 553 + 2 104

– 2007/08: 275 865 + 6 010

– 2008/09: 303 451 + 6 611

– 2009/10: 354 026 + 7 212

– 2010/11: 404 601 + 7 813

– 2011/12: 432 188 + 8 414

El Mundo авваллари ҳам Леони безовта қилган эди. Масалан, 2021 йил январда «Барса» билан шартномаси нусхасини эълон қилди. Унда аргентиналик футболчининг тўрт йиллик шартнома бўйича оладиган даромади 555 миллион евро экани кўрсатилган. Футболчининг адвокати нашрни судга беришини айтган эди.

«Барселона» El Mundo томонидан эълон қилинган янги маълумотларга муносабат билдирди ва расмий баёнот берди.

«El Mundo нашри Barçagate доирасида олиб борилаётган терговга тааллуқли ҳужжатлар ва электрон хатлардан фойдаланиш имконияти борлигини таъкидламоқда. Ваҳоланки, бу масала бўйича ҳужжатлар ҳали томонларга тақдим қилинмаган.

Бу маълумотларнинг тергов ишига ҳеч қандай алоқаси йўқ ва улардан фойдаланиш клуб обрўси ва конфиденциаллигига путур етказади. Ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш мақсадида юридик бўлим томонидан тегишли чоралар кўриш масаласи ўрганилмоқда», дейилади баёнотда.

«Мессининг «Барселона»да бепул ўйнашини кутган эдим»

Лео маошининг икки баравар камайтирилишига рози бўлганини айтган эди: «Маошимнинг 50 фоизга қисқартирилишига рози бўлдим, улар мендан бошқа ҳеч нарса сўрамади. Шундан сўнг маошимнинг яна 30 фоизидан воз кечишимни сўрашгани ҳақидаги гап-сўзлар ёлғон. Бундай бўлмаган. Биз қўлимиздан келганини қилдик, лекин қололмадим. Мухлисларга доим тўғри гапирганман. Атрофда жуда кўп миш-мишлар тарқалди, кўпинча улар ёлғондан иборат эди».

Шундай бўлса-да, «Барселона» Мессини олиб қололмас эди. Ла Лиганинг молиявий фэйр-плей билан боғлиқ қаттиқ талаблари бор. Унга кўра, клублар молиявий айланмасининг 70 фоизидан ортиғини маошларга сарфлай олмайди. Акс ҳолда, янги футболчилар рўйхатдан ўтказилмайди.

2020 йилда Мессининг шартномаси муддати тугади, шунинг учун у қайта рўйхатдан ўтказилиши лозим эди. Бу эса клубнинг молиявий аҳволига тўғри келмас эди. Томонлар умидсиз вазиятга тушиб қолишди ва хайрлашишди.

Аммо вариант бор эди - «Барса» зудлик билан катта шартномалардан халос бўлиши керак эди. Аммо клуб юлдузлардан ажралишни истамади. Бундан ташқари улар Агуэро, Депай ва Эрик Гарсия билан шартнома имзолашган эди.

2021 йил октябрь ойида Лапорта бу воқеаларга изоҳ бериб, шундай деди:

«Леони жуда яхши кўраман, шу сабабли ундан хафа бўлолмайман. Вақт ўтиши билан ҳеч нарса амалга ошмаслигини тушуна бошладим ва иккала томоннинг ҳам ҳафсаласи пир бўлди. Унда қолиш истаги бор эди, лекин «ПСЖ» клубидан тушган таклиф туфайли унга босим ҳам бор эди. Агар у «Барса»да қолмаса «ПСЖ»га кетишини билар эди. У клуб тарихидаги энг яхши футболчи сифатида ёдда қолади. Бўлиб ўтган воқеалардан хулоса қилиш мумкинки, у «Барса»ни тарк этишдан олдин «ПСЖ»дан таклиф олган. Ва бу таклиф жуда фойдали эканини биз ҳам билардик.

Қарорга келганда, мен ҳамма нарсани «Барселона» манфаати учун қиляпман деб ўйладим. Мен вазият ўзгаришини, Месси «Барса»да бепул ўйнашини таклиф қилишини кутдим, бунга умид қилдим. Лекин унинг даражасидаги ўйинчи бунга рози бўлмасди. Муносабатларимиз яхши. Агар молиявий аҳволимизни яхшиласак, унинг талабларини қондиришимиз мумкинлигини билардим», деди Лапорта.

Лапорта ва Хави Леони қайтаришни орзу қилмоқда

Бу ҳақда илк маротаба журналист Жерар Ромеро капирди. Аввалроқ у биринчи бўлиб «Барселона»нинг Жюль Кунде билан шартнома имзолашини айтган эди.

Испания матбуоти аргентиналик футболчини бир неча ойдан бери «Барселона»га «қайтармоқда», Хави билан яна бирга ишлаш имконияти ҳақида ёзмоқда. Мураббий ҳозирча бунга ишонмаяпти, лекин орзу қиляпти: «Президентга аллақачон айтганман: Умид қиламанки, унинг «Барса»даги тарихи ҳали тугамади».

Инсайдер Фабрицио Романо сўзларига кўра, яқин ойларда «Барселона» Мессининг атрофидагилар билан алоқа ўрнатади ва керакли қўнғироқларни амалга оширади. Аммо аргентиналик футболчи келажаги ҳақида фақат 2022 йилги жаҳон чемпионатидан кейингина қарор қабул қилмоқчи, у чалғишни истамаяпти. Леонинг «ПСЖ» билан имзолаган шартномаси 2023 йил ёзига қадар амал қилади – назарий жиҳатдан Лео ҳатто эркин агент сифатида қайтиши мумкин.

Аммо ҳозирча бу шунчаки орзу. «Месси оиласи билан яхши муносабатдаман. Лекин у «ПСЖ» футболчиси ва уни бошқа муҳокама қилишни истамайман. Фақат ундан маънавий қарзимиз борлиги ҳақида гапиришим мумкин», деди Лапорта.

Мавзуга оид