Жаҳон чемпионатида 1/8 финал босқичи якунига етди. Аргентина Миср билан ўйинда телбавор камбэк амалга оширди (3:2), Швейцария эса Колумбия билан ўйинни пеналтилар сериясида ҳал қилиб (0:0, 4:3) кейинги босқичга йўл олди. Энди ушбу ғолиб жамоалар чоракфиналда ўзаро куч синашади.

Майдондан ташқарида ҳам эътиборга молик воқеалар рўй бермоқда: Португалия миллий жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес истеъфога чиқди, Парагвайда Килиан Мбаппени танқид қилишда давом этишмоқда, норвегиялик футболчилар эса шамоллаб қолди.

Ҳолливудча сценарий

Аргентина – Миср 3:2
Голлар: Ёсир Иброҳим, 15 (0:1). Зико, 67 (0:2). Ромеро, 79 (1:2). Месси, 83 (2:2). Фернандес, 90+2 (3:2)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Месси, 21’
Аргентина: Э. Мартинес, Л. Мартинес, Ромеро (Отаменди, 90+5), Таляфико (Гонсалес, 66), Молина (Монтиэл, 73), Паредес, Макаллистер, Фернандес, де Паул (Л. Мартинес, 66), Алварес (Медина, 90+5), Месси
Миср: Шубайр, Ёсир Иброҳим, Робия, Ҳафиз, Ҳани, Лашин (Сайид, 90+5), Атея, Ашур (Фати, 46), Ҳассан (Трезеге, 73), Салоҳ, Зико (Мармуш, 80)
Огоҳлантиришлар: Шубайр, 90. Фати, 90. Атея, 90

Аргентиналиклар ўтган босқичдаёқ драматик ўйинлар ўтказа олишини исботлаганди. Аммо 1/8 финалда Мисрга қарши ўйинда жамоа даражани яна бир босқичга кўтарди ва жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг ёрқин камбэклардан бирини амалга оширди.

Учрашув «Албиселесте» учун тезкор гол ўтказиб юбориш билан бошланди, кейин эса Лионел Месси пеналтини ура олмади (ва жаҳон чемпионати давомида икки бор пеналтидан гол ура олмасдан, антирекорд қайд этди). Иккинчи бўлимда аргентиналиклар Мустафо Зикодан иккинчи голни ҳам ўтказиб юборишди.

Иш сенсацияга қараб кетаётганида Лионел Скалони шогирдлари максимал ҳужумкор режимни ёқишди. 79-дақиқада Месси тўпни жарима майдонига кириб борган ҳимоячи Кристиан Ромеронинг бошига етказиб берди ва ҳисоб қисқарди. Бир неча дақиқа ўтиб Леонинг ўзи мисрлик ҳимоячилар хатосидан фойдаланиб, ҳисобни қисқартирди, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Энцо Фернандес қарши ҳужумни ғалаба голи билан якунлади. Аргентиналиклар камбэк учун 13 дақиқа сарфлашди – бу ҳам жаҳон чемпионати тарихига рекорд сифатида кирди.