11:10 / 26.09.2022
4335

Тошкентда сохта шартнома орқали уй сотишга уриниш ҳолати аниқланди

Чилонзор туманида сохта шартнома орқали уй-жой сотмоқчи бўлган фирибгар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, “Sh.X.” МЧЖ раҳбари Ш.А. фуқаро Х.нинг ишончига кириб, унга гўёки Сергели тумани ҳудудидан 9 қаватли турар жой мажмуасини қураётганлигини айтган.

Қайд этилишича, у фуқаро билан ушбу турар жой мажмуасидан 89 квадрат метрли хонадонни 480 млн сўмга сотишга келишиб, эвазига сохта шартнома тақдим этиб, 10 000 АҚШ доллари ва 130 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланклар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top