Уй-жой инсонларнинг энг биринчи эҳтиёжи бўлгани учун унинг нархи билан боғлиқ маълумотлар доим диққат-марказимизда бўлади. Чунки шахсий уй-жойга эга бўлиш ижара нархларининг қимматлиги боисидан харажатларнинг сезиларли даражада қисқаришига ва яшаш шароитининг яхшиланишига ёрдам беради. Kun.uz Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларидаги квартира нархлари ва ушбу шаҳарларда ўртача ойлик даромадга нисбатан уй харид қолиш қобилияти қандай эканлигини таҳлил қилди.

Ўзбекистон: Тошкент ва Самарқанд

2025 йилга келиб Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари барқарорлаша бошлади. Хусусан, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича Ўзбекистон пойтахтида 1 кв метр учун ўртача нарх бирламчи бозорда 14 млн 540 минг сўмни (1200 dollar) ташкил этган. Бу кўрсаткич Самарқанд шаҳрида 11 млн 170 сўмг. Тошкент шаҳрида 60 квадрат метрли уйни бирламчи бозордан харид қилиш нархи ушбу ҳудуддаги 7 йилу 2 ойлик ўртача маошга, Самарқандда эса 12 йил 7 ойлик ўртача маошга тенг.

Умуман олганда айни пайтда Тошкент шаҳрида нархларнинг ўзгариши деярли «музлаб» қолди. Бу кўчмас мулкнинг инвестициявий фойдалилигини ҳам сезиларли даражада камайтиради. Ҳозирдаги даромадлилик билан «сотиб оласан → тезда қайта сотасан → кўп пул топасан» модели ишламайди. Энди бу кўпроқ «сотиб оласан → узоқ кутасан → балки пул топарсан» кўринишига ўзгарган.

Қозоғистон: Остона ва Олмаота

Қозоғистон уй-жой бозорида ҳам нархларнинг ўсиши давом этяпти. Мамлакат Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, Остона шаҳрида янги уйларнинг 1 квадрат метри учун ўртача нархи 618 минг тенгени (1128 доллар), иккиламчи бозорда эса 664 минг тенгени (1212 доллар) ташкил этди. Олмаотада эса ўртача кўрсаткич янги уйлар учун 648 минг тенге (1182 доллар), иккиламчи бозорда 692 минг тенге (1263 доллар). Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Қозоғистон пойтахтида ўртача ойлик 598 минг тенгени (1091 доллар), Олмаотада эса 563 минг тенгени (1027 доллар) ташкил этган.

Юқоридаги рақамлардан келиб чиқадиган бўлсак, 60 квадрат метрли уйни бирламчи бозордан харид қилиш нархи Остонада 5 йилу 2 ойлик, Олмаотада 5 йилу 9 ойлик ўртача маошга тенг.

Фото: inbusiness.kz