Жаҳон | 13:37 / 27.09.2022
9904
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Россияга «референдумлар» учун санкциялар жорий қилди

Буюк Британия Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтиряпти.

Фото: FE

Британия Украинадаги ноқонуний «референдумлар»га жавобан Россияга қарши санкциялар пакетини эълон қилди. Тегишли хабар мамлакат ҳукумати сайтида жойлаштирилди.

Санкциялар Украинанинг тўртта ҳудудида ноқонуний овоз беришни таъминлаган Россиянинг юқори мартабали амалдорларига, шунингдек, «Путиннинг севимли PR-агентлигига» қарши қаратилган», — дейилади хабарда. 

«Россия режими ерларни эгаллаб олиш ва ноқонуний урушини оқлаш учун умидсиз уринишда бу сохта референдумларни уюштирди. Бу жараён уларнинг Қримдаги 2014 йилда дезинформация, қўрқитиш ва сохта натижаларни ўзида мужассам этган ёндашувини акс эттиради», - дея маълум қилди Буюк Британия ҳукумати. 

Санкциялар бойлиги 6,3 миллиард фунт стерлинг (7 миллиард евро) бўлган олигархлар ва Россиянинг энг йирик давлат банклари директорлар кенгаши раҳбарларига ҳам таъсир қилади. 

«Қурол ўқталиш орқали ўтказилаётган сохта референдумлар эркин ёки адолатли бўлиши мумкин эмас ва биз уларнинг натижаларини ҳеч қачон тан олмаймиз», - деди қироллик ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли.

Бундан олдин АҚШ президенти Жо Байден Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ўтказилган «референдум»ни халқаро ҳуқуқни бузувчи сохта жараён деб атаганди. У бунга жавоб тез ва кескин бўлишини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, БМТ низомининг асосий тамойилларини ҳурмат қиладиган ҳар қандай давлат каби АҚШ ҳам бу «референдумлар»нинг уйдирма натижаларини рад этади. Вашингтон ўз иттифоқчилари билан биргаликда Украина халқи хавфсизлигини таъминлаш, Россия агрессиясини қайтаришда қўллаб-қувватлаш ва ёрдам беришда давом этади. 

Бундан ташқари, АҚШ ва унинг ҳамкорлари сохта референдумлар уюштиргани учун Кремлга қарши «тез ва қаттиқ» иқтисодий чоралар кўриш учун биргаликда ҳаракат қилади, дея огоҳлантирди Оқ уй раҳбари.

БМТ Бош ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган АҚШ президенти Россия президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган россияликларни Украинага қарши урушга сафарбар қилиш ва ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидини «масъулиятсизлик» деб атади. «Ядро урушида ғалаба қозониб бўлмайди ва у ҳеч қачон олиб борилиши керак эмас» деди Байден. 

Мавзуга оид