10:02 / 27.09.2022
6039

Тошкентда 10 минг долларлик дорининг ноқонуний муомалага киритилиши олди олинди

Олмазор туманида дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Олмазор туман бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, фуқаролар М.А. ва А.А. Бектемир тумани ҳудудида фуқаро М.га хорижда ишлаб чиқарилган 10 минг дона “Цефтриаксон” номли дори воситасини 10 000 АҚШ долларига сотган вақтларида ушланиб, жами 340 турдаги 7 463 қути дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top