Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Италияда «постфашистлар» ғалабаси. Путинчи қарияларни бирлаштирган Мелони ҳақида нималар маълум?
Италиядаги парламент сайловларида 10 йил аввал ташкил этилган «Италия биродарлари» партияси бошчилигидаги ўнгчилар коалицияси ғолиб бўлди. «Италия биродарлари» сайловда 26 фоиз овоз тўплади, партия ва коалиция етакчиси Жоржиа Мелони мамлакат тарихидаги илк аёл бош вазир бўлиш учун барча имкониятга эга.
Жоржиа Мелони икки муваффақиятсизликка учраган коалициядошлари – Путинни қўллаши билан италияликларни безор қилган Силвио Берлускони ҳамда Маттео Салвини фонида айниқса устун кўринмоқда. Маълумот учун, Силвио Берлускони муқаддам тўрт марта бош вазир бўлган, Салвини эса собиқ ички ишлар вазири.
Италия ташқарисида кўпчилик ҳукумат тепасига «постфашистлар» келишидан қўрқаётган бир вақтда Мелонининг ўзи италияликларга мигрантлар сиёсати ва ноанъанавий қарашларга қарши бўлган қоришиқ сиёсий режасини таклиф этмоқда. У Италиянинг Европа иттифоқидаги миллий манфаатларини ҳимоя қилишга сўз бермоқда. Ҳеч қачон ҳукумат таркибида бўлмаган бу партия ўнгчиларга хос бўлмаган тарзда Россияга нисбатан душманлик кайфиятида ва Путинни танқид қилади.
Агар Мелони Италия бош вазири бўлса, ўнгчилар 2011 йилдан буён илк марта ҳукумат тепасига келган бўлади. Ўшанда Силвио Берлускони охирги марта бош вазир бўлганди. Аммо Politico нашрининг ёзишича, диктатор Бенито Муссолини давридан буён Италияда бу қадар ўнгчилар ҳукмронлиги кузатилмаган. Аниғи шуки, «Италия биродарлари» партияси дастурини баҳолаш қийин, чунки бу партия ҳеч қачон ҳукумат таркибида бўлмаган, мухолифат таркибида бўлган ва ғояларини тез-тез ўзгартирган.
Партияни «постфашистча» ва «постғоявий» деб аташади
«Италия биродарлари» партиясини бежиз «постфашистча» дейишмайди, чунки уни 2012 йилда диктатор Муссолинининг фанатларидан иборат ноефашистча «Италия социал ҳаракати» ташкилоти аъзолари тузган. Бу ҳаракат рамзида Италия байроқлари рангидаги машъала тасвирланган. Муссолинининг фанатлари эса унинг қабри узра мана шундай машъала ёниб турганига ишонади.
Партия етакчилари айтишича, улар фашизмни аллақачон енгиб ўтган. Партияга берилган таърифдаги «пост» сўзи шу иддаони ифодалайди.
«Фашист бўлсам, буни тан олган бўлардим, лекин фашист эмасман», дейди Мелони интервюларидан бирида. Ўз навбатида, Мелони мамлакатнинг фашистлар етакчилик қилган йилларини танқид қилишга шошмаяпти, партиянинг Муссолинига боғланган рамзини ҳам ўзгартирмоқчи эмас. Чунки Муссолини фанатлари орасида ҳам обрўси камайишини истамайди.
Фашизмни чуқур ўрганган италиялик журналист Паоло Бериццининг фикрича, охирги йилларда иқтисодий ҳолат ёмонлашуви фонида Италияда яна фашистик кайфият жонлана бошлаган. Журналистнинг айтишича, одамлар ўша даврларга қайтишни истаётгани йўқ, лекин яна «ўшанда унча ёмон ҳам эмасди» деб ўйлай бошлаган.
Балки шу сабабдандир Мелони Муссолини даври ҳақида деярли гапирмайди. У бемалол тадбирларда диктаторнинг набираси ва партияси аъзоси бўлмиш Ракеле билан кўриниш бериши, Муссолини бошчилигида 1922 йил Римда ўтказилган фашистлар марши юбилейи шарафига кечки овқат ташкил қиладиганларни ҳам танқид қилмаслиги мумкин.
«Италия биродарлари» партиясига бериладиган «постғоявий» таърифи партия ўзгарувчан ҳамда қоришиқ қарашларни илгари суриши билан боғлиқ. Бу эса партияга консерваторча қарашлари доирасида истаганча тусланиш имконини беради. Айтайлик, партия ҳозирда Россия ва ноанъанавий қарашдагиларга қарши чиқмоқда, лекин керак бўлса партия уларни қўллаши ҳам ҳеч гап эмас.
Сиёсатчилар фикрича, ғоялари, қарашлари аниқ бўлган ўнгчилик даври ўтди. Сиёсатчи Лоренсо де Сио Италияда ўнгчилар ўзларини анча прагматик тутишади деб ҳисоблайди. Улар ўнг коалиция ичида ҳам партияларини тез-тез ўзгартиришлари мумкин, лекин асосан етакчиси бошқалардан устун бўлган партияга овоз беришади. Улар учун асосийси танланган етакчи сўлчиларни тўхтата олишидир.
Италия сиёсатидаги энг катта муаммолардан бири ўнг ва сўл лагердаги жуда жиддий қутбланишдир. Икки томон ҳам ҳукумат тепасига келар экан нариги томон билан муроса қилиш ҳақида ўйламайди.
31 ёшида вазир бўлган етакчи
Gregorio Borgia / AP / Scanpix / LETA
«Италия биродарлари» партияси муваффақиятлари учун аввал ўз етакчиси Жоржиа Мелонидан қарздордир. Давлат раҳбари бўлиш учун ёшдек кўринаётган 45 ёшли Мелони 30 йилдан буён сиёсат ичида қайнаб келади, уни аллақачон тажрибали сиёсатчи деб аташ мумкин.
Мелони Римда ёзувчи ва ишчи оиласида туғилган. Унинг онаси Жоси Белл тахаллуси билан кўнгилочар романлар ёзиб, 140 та китоб чиқарган. Отаси эса оилани анча эрта ташлаб кетади. 15 ёшидаёқ Жоржиа «Италия социал ҳаракати» номли партия қошидаги неофашистик ҳаракат аъзолигига киради. Кейинчалик ҳаракат «Миллий алянс» номли партияга айланиб, Мелони унга аъзо бўлади.
У 28 ёшида парламент депутатига айланади, 31 ёшида эса Силвио Берлускони бош вазир бўлганида спорт ва ёшлар вазирига айланади. «Миллий алянс» партияси «Олға Италия» партияси билан бирлашганидан кейин ултраўнгчи сиёсатчиларнинг аксари партиядан кетди ва айнан улар «Италия биродарлари» партиясига асос солишди. Мелони 2014 йилдаёқ партиянинг яққол етакчисига айланди.
Мелони фашистик ғояларни қўлловчи сиёсатчиларга зид тарзда хушчақчақ, харизматик, жўшқин ва Украинадаги уруш, инфляция ва энергия инқирозидан хавотирга тушаётган электорат билан тил топиша оладиган даражада киришимлидир. Унинг бошчилигидаги коалиция олдида мамлакат дунёда ҳукм сураётган мураккаб ҳолатдан олиб чиқиб кетишдан ташқари кичик маиший масалалар билан ҳам шуғулланиши масаласи турибди. Масалан, «Чўчқача Пеппа» мултфилми билан кураш масаласи. «Италия биродарлари» партияси бу мултфилмда ота-отаси бир жинсли бўлган айиқча образи пайдо бўлгач, уни тақиқлашга чақирган.
Европа Иттифоқида Италияда бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатишмоқда. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Италияда воқеалар ривожи демократияни тўсадиган кўринишда ўзгарса, ЕИда буни тузатиш учун имконият етарли эканини айтди. Аммо Венгрия бош вазири Виктор Орбан Италияда бўлаётган воқеалардан хурсандлигини яширмади. Орбан анчадан буён Жоржиа Мелонининг дўсти ҳисобланади.
Франциялик ултраўнгчи Эрик Земмур эса Швеция ва Италияда ултраўнгчилар яхши натижа кўрсатганидан қувониб, Европада янги давр бошланаётгани ҳақида айтди.
Ҳозирда Жоржиа Мелони Италия бош вазири бўлиши учун фақатгина Италия президенти Сержо Маттарелланинг розилиги керак, холос. Ҳукумат шакллантириш бўйича режаларни бузиш ҳолати президент билан аввал ҳам содир бўлган. 2018 йил Жузеппе Конте иқтисодиёт вазири лавозимига евроскептик Паоло Савон номзодини илгари сургани сабаб президент Маттарелла ҳукумат шаклланиши бўйича қарорни маъқулламаган.
Италияда тузиладиган навбатдаги ҳукумат охирги 30 йил ичидаги йигирманчиси бўлади. Яъни коалицион ҳукумат ўртача 1,5 йил ҳукмронлик қилади. Драги бошчилигидаги ҳукумат ҳам шунча вақт ишлаганди. Аммо Мелони бу тартибни ҳам ўзгартира олиши ҳақида гапиришмоқда. Италия тарихида бунгача ҳам ўнгчилар ҳукумат тепасида қанча вақт бўлишмасин албатта мамлакат сиёсий курсини ўзгартиришган.
Украинани қўллаш ва Россияга қарши санкциялар масаласи нима бўлади?
Италиянинг эндиликда собиқ бош вазири Марио Драги икки қўли билан Россияга қарши санкциялар ва Украинага ёрдам беришни қўлларди. Аммо энди бундай бўлиши қийин, чунки Берлускони ва Салвини Путиннинг дўстлари. Айниқса Берлускони. Бу икки сиёсатчи ҳам Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Путинни танқид қилгандек бўлишди, лекин Берлускони ҳар замонда Москвада дўстини хафа қилишни истамётгандек уни мақтаб қўйишни канда қилмаяпти.
Сайловлардан уч кун олдин Берлускони дўсти Путинни урушга атрофидагилар ва рус жамияти етаклагани, у шунчаки «Украина раҳбариятига тузук одамларни қўйиб, тезда қўшинларни олиб чиқиб кетишни истагани»ни айтди. Бу гапи сабаб шундоғам Путинни қўллаши билан италияликларни безор қилган қария яна танқидлар остида қолди. Кейин эса Берлускони унинг партияси доим Европа Иттифоқи ва НАТО томонда эканини айтиб чиқди.
Сайловлардан бир ҳафта аввал эса Берлускони шундай деб интервю берганди: «Путин ҳақида фикрим уруш сабаб ўзгарди. Кимдир портлатишни, танкларни юборишни, бошқа мамлакатга бостириб киришни бошласа, бу энди бошқача масала», деди 2015 йил Путин билан Россия босиб олган Қримга борган Берлускони.
Мелони эса доим Россияни танқид қилиб келади. У Россия ва Хитойни Ғарбнинг душмани деб ҳисоблайди, Россия ва Украина масаласида Европа Иттифоқи ва НАТОнинг позициясни қўллайди. Мелони мухолифат таркибида бўлганида ҳам Россияга қарши санкцияларни қўллаб овоз берган. У Путинга қарши ҳеч қандай симпатия ҳис қилмаслигини айтган.
Нега ўнгчиларга овоз беришди?
Неаполлик ошхоначи Пино де Стасио нега ўнгчилар ғолиб бўлганини шундай изоҳлади: «Бизни унутиб қўйишди деб ўйлай бошладик. Айниқса жанубдагиларни. Одамлар дунёга тарқала бошлади, бизнес синмоқда. Одамлар ўнгчиларга овоз бермоқда, чунки улар ҳали ҳукумат бошқаришмаган (охирги йиллар назарда тутилмоқда), улардан ҳали ҳафсаламиз пир бўлгани йўқ».
Одамларнинг фикрича, кўпчиликнинг чўнтаги бўшаб қолган, шу сабаб италянлар қандайдир кескин ўзгариш кутишмоқда.
Мелони бошчилигидаги партиянинг асосий устунлиги ҳам шунда – улар Драги бошқарган коалицияда йўқ эди, одамлар эса бу партияга имкон беришга қарор қилди. Салвини ва Берлускони бўлари бўлган сиёсатчилар деб қаралмоқда, аммо Мелони халқ ичидан чиққан янги юз сифатида етакчиликка интилмоқда. У Римдаги ишчи оиласида туғилган, отасиз ўсган, университетда ўқимаган, ёшлигидан сиёсат ичида пишган.
Италияда нима ўзгариши мумкин?
Ўнгчилар сайловда солиқларни пасайтириш, пул билан бизнес ва фуқароларни қўллаб-қувватлашни таклиф қилиб киришди. Уларнинг иқтисодий дастури ҳам шундан иборат эди.
Мелонининг сайловдаги шиори «Худо, Ватан, Оила» деб номланганди. У ноанъанавий оилавий алоқаларни қўлламайди, муҳожирларни ёқтирмаслигини яширмайди, Ливияни денгизда блокада қилишни талаб қилади ва шу орқали Африкадан келадиган муҳожирлар оқимини камайтиришга эришиш мумкин деб ҳисоблайди.
Ўнгчиларда сўлча ғоялар ҳам учраб туради. Масалан, улар болали оилаларга бериладиган устама миқдорини ошириш, болалар боғчаларида бепул ўринлар ташкил этишни таклиф қилишмоқда. Бундан мақсад эса туғилиш сонини ошириш.
Италия ҳозирда бутун Европа каби энергия инқирозини бошдан кечирмоқда. Драги ҳукумати инқироздан чиқиш учун 66 миллиард евро ажратганди. Салвини бу борада яна 30 миллиард евро ажратмоқчи. Аммо бугун Италия ҳавас қиларли иқтисодий ҳолатни бошдан кечирмаяпти. Мамлакат ташқи қарзи ЯИМнинг 150 фоизига тенг миқдорга етган. Бу эса Биринчи жаҳон урушидан буён энг ёмон кўрсаткичдир.
Ягона умид Европа Иттифоқи
Италиядаги қийин иқтисодий ҳолатдан чиқиб кетиш учун ягона умид Европа Иттифоқи ҳисобланади. Иттифоқ Италияга 200 миллиард евро миқдорида турли субсидиялар ажратишни мақсад қилган.
ЕИ давлатлари орасида энг кўп субсидия оладиган давлат Италия ҳисобланади. Мелони тузажак ҳукумат бу пулларни ўринли сарфлаб инқироздан чиқиб кетиши мумкин. Драги вақтида бу пуллар ислоҳотлар эвазига олиниши борасида келишув бўлган.
Мавзуга оид
10:10
Ўзбекистонлик шифокорлар Италияда 5 минг еврогача маош олиши мумкин
11:00 / 10.06.2026
Париж исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилди
22:05 / 29.05.2026
Италия ҳукумати Сицилия мафиясининг миллионлаб евро активларини мусодара қилди
08:53 / 19.05.2026