22:32 / 28.09.2022
11253

Евроиттифоқ Россияга қарши саккизинчи санкциялар пакетини таклиф қилди 

Санкцияларни четлаб ўтишга уринганларга қарши жазо чоралари қўллаш режалаштирилмоқда.

Фото: AP

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ва ЕИ ташқи сиёсат хизмати раҳбари Жозеп Боррел Россияга қарши саккизинчи санкциялар пакети мазмунини эълон қилди

"Россия Украинага босқинни янги даражага олиб чиқди. Россия эгаллаб олган ҳудудларда ташкиллаштирилган "референдум"лар ерларни ноқонуний эгаллаб олиш ва халқаро чегараларни куч билан ўзгартириш ҳисобланади. Сафарбарлик ва Путиннинг ядро қуролини қўллаш ҳақидаги таҳдиди – урушни авж олдиришдаги навбатдаги қадамлар. Биз сохта референдумларни ҳам, Украина ҳудудларининг аннексия қилинишини ҳам тан олмаймиз. Кремлни бу уруш учун товон тўлатишга мажбур қилиш қарорида қатъиймиз", - деди фон дер Ляйен. 

Еврокомиссия Евроиттифоққа Россия маҳсулотлари киришига янги тақиқлар жорий этишни таклиф қилмоқда.

"Бу Россия маҳсулотларининг Европа бозорига киришига йўл қўймайди ва РФни қўшимча 7 млрд евро даромаддан маҳрум қилади, - деди у. – Бу билан Россияни изоляция қиламиз ва унинг иқтисодиётига янада кўпроқ зарба берамиз".

Шу билан бирга, ЕИдан Россияга экспорт қилиш тақиқланган маҳсулот ва хизматлар рўйхатини кенгайтириш таклиф қилинмоқда. 

ЕИ мамлакатлари фуқароларига Россия давлат компаниялари бошқарув тузилмаларида қатнашиш тақиқланади, чунки "Россия Европа билим ва тажрибаларидан фойдаланмаслиги керак", деди фон дер Ляйен.

"Еттилик гуруҳи" (G7) учинчи мамлакатлар учун Россия нефти нархига чеклов киритишга келишиб олди, деди Еврокомиссия раиси.

Бундан ташқари, санкцияларни четлаб ўтишга уринганларга қарши жазо чоралари қўллаш режалаштирилмоқда. Масалан, компаниялар ЕИ маҳсулотларини сотиб олиб, учинчи мамлакатларга олиб ўтиб, сўнгра Россияга сотган тақдирда, деди Жозеп Боррел. 

Шунингдек, Россия босқини ва Украина ҳудудлари аннексиясига алоқадор бўлганлар, босиб олинган ҳудудларда Россия томонидан раҳбарликка қўйилганлар, Украинанинг босиб олинган ҳудудларида референдумлар ташкил этган Россия фуқаролари, Россия мудофаа вазирлигидаги амалдорлар, Россия армиясини қурол-яроғ билан таъминлаётганлар ҳамда 300 минг кишини сафарбар қилишда қатнашаётган фуқаролар ва юридик шахслар санкциялар рўйхатига киритилади. 

"Кремль ноқонуний "референдум"лар уюштириш орқали биз 2008 йилда Грузияда ва 2014 йилда Қримда кўрган схема бўйича ҳаракат қилмоқда. Биз бу сохта референдумларни қатъиян қоралаймиз ва уларнинг натижаларини тан олмаймиз", - деди Жозеп Боррел.

Top