Жаҳон | 13:45 / 29.09.2022
7415
3 дақиқада ўқилади

«Шимолий оқим»да тўртинчи сизиб чиқиш аниқланди

Швеция қирғоқ қўриқлаш хизмати газ қувурларида яна бир шикастланган жойни аниқлади. Тўртта сизиб чиқиш жойидан иккитаси Швециянинг махсус иқтисодий зонасида жойлашган.

Фото: Getty Images

Швеция қирғоқ қўриқлаш хизмати шикастланган «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» қувурларидан навбатдаги газ сизиб чиқишини аниқлади, деб хабар бермоқда Швециянинг Svenska Dagbladet газетаси 29 сентябр, пайшанба куни. Соҳил қўриқлаш хизмати вакили газетага берган интервьюсида: «Тўртта сизиб чиқиш жойидан иккитаси Швециянинг махсус иқтисодий зонасида жойлашган», деди. Яна иккита сизиб чиқиш Даниянинг махсус иқтисодий зонасида қайд этилди.

Швеция денгиз маъмурияти маълумотларига кўра, «Шимолий оқим-2» газ қувурида янги сизиб чиқиш аниқланган. Сизиб чиқиш жойидан сиртга чиқаётган газ пуфакчалари майдонининг диаметри 200 метрни ташкил қилади. «Бу сизиб чиқиш бошидан маълум эмас эди. Газ пуфакчалари булути радарда кўринмаётганди, чунки у бошқаларига қараганда кичикроқ. Соҳил қўриқлаш хизмати кема ва самолётда ҳудудни ўрганаётганда буни кўрган», - деди Швеция денгиз маъмурияти вакили.

Ўз навбатида, «Шимолий оқим»дан газ сизиб чиқиш ҳудудларида аввалроқ иккита портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берган швед сейсмологи Бёрн Лунд Aftonbladet газетасига учта портлаш бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. Бу иккинчи портлашдан кейин сейсмик тўлқинларнинг ҳолати билан кўрсатилган. Учинчи портлаш ундан 10 сония ўтиб содир бўлган бўлиши мумкин эди, дейди Лунд. 

«Шимолий оқим»нинг иккита тармоғи ва «Шимолий оқим-2» битта тармоғида газ сизиб чиқиши 26 сентябрь куни маълум бўлди. Европа иттифоқи расмийлари қувурлар атайлаб шикастланган деб ҳисоблаяпти. Ҳодисалар Германия, Дания ва Швецияда текширилмоқда. Немис разведка идоралари бу ғаввос ёки сувости кемаси ёрдамида саботаж бўлганини тахмин қилмоқда. Уларнинг фикрига кўра, газ қувурлари тезда таъмирланмаса, улар доимий равишда ишдан чиқиши мумкин. 

Sky News телеканали Британия Мудофаа вазирлигидаги манбага таяниб, газ қувурига зарар етказган портловчи қурилмалар бир неча ойлар, ҳатто йиллар олдин ўрнатилган бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Буни ким ва нима учун қилгани ҳозирча номаълум. 

Der Tagesspiegel газетасининг ёзишича, Германия разведка идоралари портлашларни Россия, Украина ёки украинпараст кучлар уюштирганликда гумон қилмоқда. Айни пайтда, Россия ФХХ газ қувурларига шикаст етказилганлиги сабабли халқаро терроризм тўғрисидаги ишни очди. 

Мавзуга оид