Жаҳон | 10:46 / 01.10.2022
5800
4 дақиқада ўқилади

НАТО: Украина ўз ҳудудларини озод қилиш ҳуқуқига эга

НАТО бош котиби Киевнинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини Путин Украинанинг тўртта минтақасини «Россияга қўшилиши»ни эълон қилгани ва Украина ўз ҳудудларини озод этиш ҳуқуқини билдирганидан кейин изоҳлади.

Фото: Getty Images

НАТО куч ва эътиборини Киевга барча зарур ёрдамни кўрсатишга қаратади. Украина НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга, бироқ янги аъзоларни қабул қилиш тўғрисидаги қарор Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо бўлган барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланиши керак. 30 сентябр, жума куни Брюсселда журналистлар билан суҳбат чоғида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Украинанинг НАТОга тезлаштирилган асосда қўшилиш ҳақидаги аризасига шундай изоҳ берди.

«Европадаги ҳар бир демократия НАТОга аъзо бўлиш ҳуқуқига эга. Иттифоқчилар Мадридда ўтган альянс саммити чоғида Украинанинг ҳарбий иттифоқларни ўзи танлаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаганимизни аниқ айтишди. Бироқ аъзоликни блокнинг 30 аъзоси ҳал қилади ва биз буни консенсус тамойилига асосланган ҳолда қабул қиламиз», деди Столтенберг. У, афтидан, Украинанинг НАТОга кириши бўйича иттифоқчилар ўртасида бирдамлик йўқлигига шама қилди.

У, шунингдек, НАТО «Украина Россиянинг шафқатсиз агрессиясидан ўзини ҳимоя қила олиши учун унга зудлик билан ёрдам беришга эътибор қаратаётганини» таъкидлади. Швеция ва Финландия мисолида бўлгани каби, Украинага тезлаштирилган қўшилиш тартибини қўллаш мумкинми, деган саволга НАТО бош котиби жавоб бермади.

Йенс Столтенберг Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларида «Москва режиссёрлик қилган псевдореферендумлар»ни қоралади ва альянс аъзолари уларни Россиянинг бир қисми сифатида ҳеч қачон тан олмаслигини айтди. «Россияни бу ҳудудларни эгаллашга уринишларни бас қилишга чақирамиз. Бу Украина ери. Донецк бу - Украина. Луҳанск бу - Украина. Херсон бу - Украина. Запорижжя бу - Украина. Худди Қрим каби, у ҳам - Украина», - деди Столтенберг. У НАТО «можарода иштирок этмаса ҳам, альянс Украинани ўзини ҳимоя қила олиши учун қўллаб-қувватлаши»ни таъкидлади.

Столтенбергнинг сўзларига кўра, шу кунларда Украинадаги уруш 24 февралдан бери «энг жиддий авж олган нуқтага» келди, чунки «Путин минглаб одамларни сафарбар қилди, ядро қуроли билан таҳдид солди ва Украина ҳудудларининг бир қисмини ноқонуний равишда аннексия қилди». Бироқ, бу Кремлнинг кучи эмас, балки кучсизлигининг кўриниши ва «Путин ўз стратегик мақсадларига эришишда ютқазди». «Путин бу уруш учун жавобгар, шунинг учун жасур украиналикларнинг азоб-уқубатларига барҳам бериш, дунёни қамраб олган энергия ва озиқ-овқат инқирозини тўхтатиш ҳам унинг масъулияти. Агар Россия урушни тўхтатса, тинчлик ўрнатилади. Агар Украина урушни тўхтатса, у Европанинг миллий ва мустақил давлати сифатида йўқ бўлиб кетади», деди НАТО бош котиби.

Россиянинг давлат ядровий доктринасига кўра, Москва ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш учун ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолган. Бунда у Украина минтақаларининг босиб олинган қисмларини ҳам ҳисобга оляпти. Альянсдаги иттифоқчиларга кўра, Украина БМТ низомида мустаҳкамланган «ўз ҳудудларини озод қилишни давом эттириш ҳуқуқига эга». «Агар биз аннексияни қабул қилсак, бу Россиянинг ядровий шантажига бўйсунганимизни англатади, кейин эса бошқа авторитар режимлар ўзлари хоҳлаган нарсага эришиш учун худди шундай таҳдидлардан фойдаланади», — деди НАТО бош котиби.

У Кремлнинг ядровий риторикасини хавфли ва масъулиятсизлик деб атади ва Москвага «ядро урушида ҳеч қачон ғалаба қозониб бўлмаслигини» эслатди. НАТО Россияни ядро қуролидан фойдаланиш оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида аниқ огоҳлантирди. «Бизни Украинада хавфли уруш кутиб турибди, бироқ Путиннинг ғалаба қозонишига йўл қўйсак, у хавфсиз бўлиб қолмайди», деди НАТО раҳбари.

Мавзуга оид