Андижон вилояти
Избосканлик фермернинг пахта ортилган юк машинаси ички ишлар ходимлари томонидан ноқонуний тўхтатилган ва пахтани тортиб олишга уриниш бўлган. Бу ҳақда фермер Kun.uz'га маълум қилди.
Избоскан туманида фаолият юритувчи “Самара савдо” кўп тармоқли фермер хўжалиги уч йил давомида “Соҳиби омад баракаси” кластери билан шартнома асосида фаолият юритиб келган. Кластер шартнома шартларини вақтида бажармагани туфайли у 2022 йил ҳосили бўйича бошқа тумандаги кластер билан шартнома тузган.
“Бирор марта пулимизни шартнома бўйича тўғридан тўғри олмаганмиз. Ёки судлашиб оламиз ёки вақти ўтиб кетгандан сўнг беришади пулларимизни. Ҳозирда ҳам кластернинг 125 миллион атрофида қарзи мавжуд. Суд қарорида ҳам бу белгиланган. Бироқ ҳалигача пулларимизни олганимиз йўқ”, – дейди фермер хўжалиги бошқарувчиси Умаржон Абдураҳмонов.
Избоскандаги кластер шартнома шартларини вақтида бажармагач, фермер Балиқчи туманидаги “Skorton Tekstil” МЧЖ билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича шартнома тузади. Избоскан туманидан Балиқчи туманига пахтани олиб бориш учун қарийб 50 км масофани босиб ўтиш керак эди. Шунинг учун пахталарни катта юк машинасида олиб боришни режа қилади.
Юк машинаси Балиқчи туманига бориш учун Олтинкўл тумани ҳудудидан ўтиши керак. Айнан мана шу ҳудудда пахта ортилган юк машинаси ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилади.
“Хусусий автомобил бўлган иккита Spark машинасида юк машинамизнинг йўлини қўпол равишда тўсиб тўхтатишди – сал бўлмаса, йўл-транспорт ҳодисаси юз берарди. Формасиз йигитлардан бири машинадан тушиб, юк машинаси ҳайдовчиси олдига чиқиб олди. Ўзини таништирмаган, кимлигини кейин билдик.
Олтинкўл тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Жамшид исмли ходим бизга қўпол муомалада бўлиб, турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Биз шартнома бўйича пахтани олиб кетаётганимизни, бизни тўхтатиб туришга ҳаққи йўқ эканини тушунтиришга ҳаракат қилишимиз самара бермади. Қўлларимизни қайириб, машинага солиб, туман ИИБга олиб боришди, тушунтириш хатлари ёздириб олишди. Сўнг пахта топшириш пунктига олиб боришди ва юк машинамиздаги пахтани қароқчилар сингари тортиб олишга уринишди.
Шу вақтда укам келиб, телефонида тасвирга олиб Жамшид исмли ИИБ бошлиғи ўринбосаридан ҳеч бўлмаса ўзини таништиришни сўради. ИИБ бошлиғи ўринбосари укамни ҳам куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, телефонини тортиб олди ва ходимларига кишан солиб қамоққа тиқишни буюрди. 7-8 нафар ходимлар укамни қўлларини қайириб, кишанлашни бошлади. Укамнинг касали борлиги учун Жамшид исмли ходимга тушунтиришга уриндим. Шу вақтда бошқа бир ходим келиб, укамга ишора қилди. Укам жонҳолатда ерда ётарди. Тили ичига кетиб қолган экан. Тракторчилардан бири келиб, қошиқ тиқиб тилини тортиб олди. Биз тез ёрдам чақириб уни вилоят шифохонасига олиб бордик. Бир кунда зўрға ўзига келди. Агар ўша вақтда тракторчининг ҳаётий тажрибаси қўл келмаганида, ҳозир бошқа масалалар ҳақида гаплашиб турган бўлишимиз мумкин эди.

















