Жамият | 10:44 / 27.11.2025
52613
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ИИБ ходими бедарак йўқолди. Прокуратура унга иш қўзғаган

Зафаробод тумани ИИБ ходими октябр ойи охирида ишга кетганича уйига қайтмаган. Олиб борилаётган қидирув ишларига қарамай у топилмаяпти. Прокуратура ходимга нисбатан фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Зафаробод тумани ИИБ ППХ ва ЖТСБ ходими Мамаюсуф Раҳматуллаев бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’нинг бир биридан мустақил икки манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, Мамаюсуф Раҳматуллаев 27 октябр, душанба куни эрталаб ишга кетган. У шундан кейин яшаш уйига қайтмаган. Ходимнинг қаерга кетгани ҳозирча маълум эмас. Олиб борилаётган қидирув ишларига қарамай у ҳамон топилмаган. 

Мамаюсуф Раҳматуллаевга нисбатан Зафаробод тумани прокуратураси томонидан 2025 йил 19 ноябр куни Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов буни Kun.uz’га тасдиқлади.

Маълумот учун, 34 ёшли Мамаюсуф Раҳматуллаев Зафаробод тумани Ёрқин маҳалласида истиқомат қилган.  

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда у сўнгги марта тўсиқ постида хизмат олиб бораётган вақтда кўрингани келтирилган. Хабарда Мамаюсуф Раҳматуллаев ҳақида бирор маълумотга эга бўлганлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки +998911958388 телефон рақамига хабар бериш сўралган. Бироқ Жиззах вилояти ИИБнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларида ҳозирча қидирув эълони берилмаган.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид