Жаҳон | 07:19 / 03.10.2022
17054
3 дақиқада ўқилади

«Шимолий оқим»ларда газ сизиб чиқиши тўхтади

Дания расмийларига кўра, шикастланган «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2»дан газ сизиб чиқиши тўхтаган.

Фото: Insider

Дания энергетика агентлиги 2 октябр, якшанба куни шикастланган «Шимолий оқим» газ қувуридан газ сизиб чиқиши тўхтагани тўғрисида хабар берди.

«Nord Stream AG Дания энергетика агентлигига ҳозирда иккита Nord Stream 1 қувурида барқарор босимга эришилгани ҳақида маълум қилди. Бу сўнгги икки тармоқдан газни чиқариш ҳам тугалланганидан далолат беради», - деди Дания агентлиги.

Шундай қилиб, газ қувурининг барча тўртта нуқтасидан Болтиқ денгизига чиқишни тўхтатди. Бир кун аввал Дания расмийлари «Шимолий оқим-2» қувурида барқарор босимга эришилгани ва ундан газ сизиб чиқиши тўхтагани ҳақида хабар берган эди.

«Шимолий оқим»нинг иккита тармоғи ва «Шимолий оқим-2»нинг бир тармоғида сизиб чиқиш 26 сентябрь куни маълум бўлди. Уч кундан кейин Швеция қирғоқ қўриқлаш хизмати яна бир газ сизиб чиқишини аниқлади. Швеция ва Даниядаги сейсмологик станциялар сизиб чиққан ҳудудда сув остидаги портлашларни қайд этган. Биринчиси 26 сентябрга ўтар кечаси, иккинчиси ўша куни кечқурун кузатилган.

Ҳодиса сабаблари Германия, Дания ва Швецияда ўрганилмоқда. «Швеция ва Дания маълумотларига асосланиб, биз бу атайлаб қилинган ҳаракат, деган хулосага келдик. Демак, катта эҳтимол билан, гап атайлаб қилинган ҳужум ҳақида кетмоқда», — деди Швеция бош вазири Магдалена Андерссон. «Расмийларнинг аниқ фикри шундаки, бу тасодиф эмас», деди Дания бош вазири Метте Фредериксен.

«Мавжуд бўлган барча далиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу қасддан қилинган ҳаракатлар натижасидир. Биз терговни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, у ҳодисаларнинг ҳолатлари ва сабабларини ҳар томонлама аниқлаб беради», - деди Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел.

«Бизнинг тасаввуримиз энди бу мақсадли ҳужум бўлмаган, деган сценарийга йўл қўймайди», - дея Tagesspiegel Берлиннинг расмий позициясидан хабардор шахснинг сўзларини келтиради. Дер Der Spiegel нашрининг ёзишича, АҚШ Марказий разведка бошқармаси германиялик ҳамкасбларини ёзда газ қувурларига эҳтимолий ҳужумлар ҳақида огоҳлантирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид